Коронавирус инфекцияси билан боғлиқ
тиббий масалалар бўйича Call-марказ
1003
eye
Уйда қолинг! / Оставайтесь дома! Уйда қолинг! / Оставайтесь дома! Уйда қолинг! / Оставайтесь дома! Уйда қолинг! / Оставайтесь дома!

Янгиликлар

16.04.2020

Бухорода яна 20 нафар бемор бутунлай соғайди. Уларнинг барчаси хориждан келган

Сўнгги йилларда нафақат пойтахтимизда, балки мамлакатимизнинг барча ҳудудларида соғлиқни сақлаш соҳаси ривожига алоҳида эътибор қаратилди. Янги тиббиёт муассасаларини қуриш, таъмирлаш, ихтисослаштирилган тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш, малакали кадрлар тайёрлаш, замонавий тиббий технологияларни жорий этиш каби йўналишлардаги саъй-ҳаракатлар бугун ўз самарасини бермоқда.

81

Коронавирус пандемияси авжига чиққан бир пайтда, юртимизнинг деярли барча ҳудудларида ушбу инфекцияга чалинган беморларга малакали шифокорлар томонидан сифатли тиббий хизмат кўрсатилаётгани ҳам соҳада олиб борилган ислоҳотлар натижасидир.

Жумладан, бугун Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонасидан яна 20 нафар бемор буткул соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Тузалганларнинг барчаси чартер рейс орқали Туркиядан Бухорога келишган бўлиб, “Ситораи Моҳи Хоса” санаторийсида карантинга олинган эди. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Беморларнинг 10 нафари эркак, 10 нафари аёллардир. Улардан 11 нафари Тошкент шаҳри, 4 нафари Самарқанд вилояти, 2 нафари Жиззах вилоятидан, Қашқадарё, Навоий ва Тошкент вилоятларидан эса 1 нафарни ташкил этади. Улар орасида энг ёши каттаси 57 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 21 ёшда.

Беморларнинг дарддан фориғ бўлишида, шубҳасиз, мазкур шифохона тиббиёт ходимларининг бирдамликда олиб борган самарали даволаш муолажалари муҳим аҳамият касб этди. Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан шу пайтга қадар 8 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 28 нафарга етди.

Ҳозирги синовли кунларда ҳақиқий фидойилик намунасини мамлакатимизда фаолият юритаётган минглаб шифокорларимиз мисолида кўриб турибмиз. Ушбу саъй-ҳаракатлар самараси тузалаётган беморлар кўрсаткичида намоён бўлмоқда. Бугун яна бир қатор шифохоналарда соғайган беморларнинг реабилитацияга кузатилиши кутилмоқда.

Айни пайтда қадар мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан жами 127 нафар бемор тўлиқ соғайди.

16.04.2020

2020 йил 16 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1349 нафарни ташкил қилмоқда.

15.04.2020

2020 йил 15 апрель соат 22:30 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1302 нафарни ташкил қилмоқда.

15.04.2020

Чироқчилик онаизор: “Оналар, илтимос, болаларингизни, яқинларингизни асранг!”

Қуйида келтирилган Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида яшовчи бир муштипар онанинг изтироблар сизни ўйга толдирса, хушёрликка чорласа, ажаб эмас. Унинг оиласидан бир, икки... эмас, беш нафар киши коронавирус инфекциясига чалинди. Дастлаб 14 ёшли ўғли, сўнг турмуш ўртоғи, кейин икки нафар қизи, сўнг кенжа ўғли...

 

Куни кеча унинг саккиз ёшли кенжа ўғли соғайиб, реабилитацияга кузатилди. Аллоҳнинг мўъжизасини қаранг, шундай оғир хасталикни юқтирган турмуш ўртоғи ва болаларининг бошида парвона бўлган аёлда бу вирус аниқланмаган. У кенжа фарзанди соғайган куни карантиндан чиқиб, уни бағрига босди. Оиласининг қолган тўрт аъзоси эса ҳали даволанишмоқда.

Реабилитация марказида она-бола билан учрашганимизда тождор вирусни енгиб чиққан беғубор болакай дунёнинг ташвишини унутиб, онасининг бағрида мултфильм кўриб ўтирган эди. Онанинг хаёли эса қолган бетоб яқинларида...

Қуйида чироқчилик онаизорнинг изтиробли кечинмалари сизни ҳам бефарқ қолдирмайди. 

                          ***

– Шу йил март ойининг ўрталари эди. Ўн тўрт ёшли ўғлимни шифокорлар операция қилиш керак, деб қолишди. Отасининг икки тоғаси Тошкентда шифокор бўлиб ишлашади. Улардан ҳам маслаҳат олиш умидида отаси ўзимизнинг “Нексия”мизда боламни олиб, пойтахтга жўнаб кетди. Бу оддий операцияни Қаршида ҳам, ҳатто Чироқчида ҳам қилиш мумкинлигини ўйламабмиз ҳам ўшанда...

Тоғалари уларни яхши кутиб олишган, ўғлимни яхши дўхтирларга кўрсатишган. Айниқса, кичик тоғаси операция ўтгунича улардан хабардор бўлган, Наврўз байрами куни ота-болани уйига олиб келиб, меҳмон қилган. Аммо ўша кунлари унинг ҳам мазаси қочиб, иссиғи чиқиб юрган экан. Эртаси куни отаси улар билан хайрлашиб, машинада ўғлимни олиб қайтади. 

Уйга келгач, турмуш ўртоғим йўлда машина бузилиб қолиб, кўп қийналганини айтиб, ётиб қолди. Аввалига шамоллаган шекилли, деб эътибор қилмабмиз. Орадан уч-тўрт кун ўтиб, Тошкентдаги кичик тоғаси оғир дардга чалинганлиги учун шифохонага ётқизилганини эшитиб, ҳангу манг бўлиб қолдик. Бир кун ўтиб, унинг коронавирус инфекциясидан вафот этгани ҳақидаги хабарни эшитиб, даҳшатга тушдик. Отаси дарров дўхтирларга телефон қилиб, коронавирусга чалинган қариндоши билан мулоқотда бўлганлигини маълум қилди...

У ёғи худди ёмон тушга ўхшайди. Аввалига Тошкентда операция бўлган ўғлим, кейин отаси, кейин бошқа болаларимнинг лаборатория таҳлиллари уларнинг ҳам коронавирусга чалинганини кўрсатди. Кўзимга дунё зимистон бўлиб кўриниб кетди... 

                        ***

Эй Худо, бу қандай кўргулик бўлди, дейман, кўзларимга ёш қуйилиб келаверади. Оиламга қаердан ёпишди бу бало, нимага уларни Тошкентга жўнатишга кўндим, Хитойдан ташқари яна кўплаб давлатларда шу вирус тарқаганини эшитгандик-ку, нимага бунинг бизга дахли йўқ, деб калта ўйладик?..

“Ёмон тушим” ўшандан буён давом этаётганга ўхшайди. Ҳаммамизни вилоят юқумли касалликлар шифохонасига олиб келишди. Менда инфекция аниқланмади. Фақат карантинга олишди. Тавба, дейман, қишлоқда грипп деганлари, энг аввало, менга тегарди. Яқиндагина ҳам бир дунё “осма укол” олгандим. Худонинг ишлари қизиқ экан. Шу норасидаларимга берган дардни менгинага бера қолса нима қиларди, деб нола қиламан. Бир пастгина ухлаб олинг, дейишади, кошки кўзим илинса. Куну тун болаларимнинг, отасининг соғлиғини тилаб, Худога илтижо қилиб чиқаман. 

                         ***

Хонамиз рўпарасида жойлашган деразага термулавериб, кўзларим тиниб кетади. Ана, барака топкур дўхтирлар мижжа қоқмай болаларимнинг тепасида парвона, ана, қандайдир муолажалар қилишаяпти. Бу одамларнинг ҳам уйида болалари бордир, дейман. Шулар ҳам тирик жон-ку ахир? Нимага худди ўз боласи дард чекаётгандай жон куйдиришади булар?

Қанчадан-қанча ҳамқишлоқларим, қўни-қўшниларимиз, бошқа яқинларимизни ҳам ташвишга қўйдик. Уларнинг олдиларида ҳам минг хижолатдамиз. Биз сабаб ҳаловатлари бузилди. Айримлари карантинда ётиб чиқишга мажбур бўлишди.

Қишлоқда битмаган иморатимиз қолди. Болаларимнинг отаси уста. Рўзғоримиз шу устачиликнинг ортидан эди. Кам-кўстимиз кўп ҳали. Аммо ҳеч бир ташвиш болаларимнинг тола сочига арзимас экан. Ҳаммаси мактабда аълога ўқишарди. Уйимиз уларнинг мактабдан олиб келган фахрий ёрлиқларига тўлиб кетган. Айниқса, ўн олтига тўлган катта қизим ўқишга киришни орзу қилаётган эди... 

Мана, неча кундан бери давом этаётган қоронғилик ичида ниҳоят йилт этган нур кўринди. Кенжатойимнинг соғайганини эшитганимда севинганимдан эсимни йўқотишимга сал қолди. У биринчи синфни тугатяпти. Суннат тўйини қилиш ҳаракатида эдик.

                        ***

Такрор-такрор айтаман: менинг бошимга тушганини ҳеч кимга кўрсатмасин! Ҳамма болалар оналарнинг гапларига қулоқ солишади. Дўхтирлар уйда қолинг, деб бежизга айтишаётгани йўқ. Оналар, илтимос, болаларингизни, яқинларингизни асранг! Бу синовлар ўтиб кетади, уларни уйда, иссиқ бағрингизда олиб ўтиринг! Топган бойлигингиз, солган иморатингиз, бошқа минг-минг орзу-ҳавасларингиз саломатликнинг олдида ҳеч нарса эмас экан. 

Оналар дуолари ижобат бўлади, дейдилар. Илтимос, юртга тинчлик, элга соғлиқ тилаб, кафтларингизни дуога очган пайтларингизда менинг болаларимга, болаларимнинг отасига, шундай оғир дардни, синовни бошидан ўтказаётган барча юртдошларимизга ҳам шифо сўранг! Илтимос, азизлар, дуо қилинг!

 

Нуриддин ЭГАМОВ, Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари оққа кўчирди.

15.04.2020

107 нафар бемор соғайди, бу эса қолган беморларнинг ҳам шифо топишига ишонч уйғотмоқда

Апрель 15, 2020

 

Аввал хабар қилганимиздек, коронавирус пандемияси дунё бўйлаб шиддат билан тарқалаётган бир пайтда, юртимизда ушбу инфекция тарқалишининг олдини олиш борасида тезкор ва қатъий чоралар кўрилмоқда. Жумладан, тиббиёт ходимлари коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг соғайиб кетишлари учун жонкуярлик билан курашмоқдалар.

Бугун фидойи шифокорларимиз саъй-ҳаракати туфайли пойтахтимиздаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида коронавирус инфекциясига чалинган беморлардан яна 8 нафари буткул соғайди. Улар Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ва бошқа масъуллар иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.

Соғайган беморларнинг 4 нафари эркак, 4 нафари аёллардир. Улардан 6 нафари Тошкент шаҳридан, 2 нафари Тошкент вилоятидан. Беморлардан икки нафари Туркиядан, яна бир нафари эса Россиядан Тошкентга чартер рейси билан келишган. Қолган беш нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, инфекция юқтириб олган. Улар орасида энг ёши каттаси 51 ёшда, энг кичиги эса 10 ёшда. Самарали даволаш муолажаларидан кейин, сўнгги текширувлар уларда инфекция йўқлигини кўрсатди. Уларнинг шифо топишида мазкур клиника жамоаси бирдамлиги, маҳорати ва тажрибаси ҳал қилувчи рол ўйнаганини алоҳида таъкидлаш лозим. Эътиборли жиҳати, мазкур клиникада шу пайтга қадар 56 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 64 нафарга етди.

Ҳар бир шифо топган бемор қувончидан, миннатдорлигидан куч олиб, руҳланиб, бор тажриба ва маҳоратини ишга солишаётган шифокорларимиз қаҳрамонлиги коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг навбатма-навбат соғайишини таъминламоқда.

Айни пайтга қадар мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан жами 107 нафар бемор тўлиқ соғайди. Бу эса қолган беморларнинг ҳам шифо топишига ишонч уйғотмоқда.

15.04.2020

2020 йил 15 апрель соат 16:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1275 нафарни ташкил қилмоқда.

15.04.2020

Марказнинг худудий бўлимлари билан боғланиш имконияти

Агар сизда ижтимоий ёрдам масаласида 1197 рақами билан боғланишнинг иложи бўлмаса, марказнинг худудий бўлимлари билан боғланиш имконияти борлигини  эслатиб ўтамиз.

«Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари» телефон рақамлари:

Тошкент шаҳри:
90-900-63-46
71-210-01-15
Қорақалпоғистон Республикаси:
91-395-91-91
61-222-02-44
Андижон вилояти:
97-472-97-11
98-190-92-82
Бухоро вилояти:
98-140-66-16
65-223-11-54
Жиззах вилояти:
99-550-03-69
72-226-31-88
Қашқадарё вилояти:
91-962-25-00
75-221-11-80
Навоий вилояти:
90-500-77-88
90-396-22-32
Наманган вилояти:
97-257-51-62
69-227-17-94
Самарқанд вилояти:
91-315-79-99
78-210-18-00
Сирдарё вилояти:
99-464-01-61
67-225-45-82
Сурхондарё вилояти:
93-220-82-88
93-760-64-64
Тошкент вилояти:
99-693-07-77
93-919-99-09
Хоразм вилояти:
99-965-30-07
62-228-45-15
Фарғона вилояти:
94-133-28-22
73-244-05-10

15.04.2020

Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлари институти клиникасининг бир гуруҳ фидойи тиббиёт ходимлари ўрин алмашди

Тиббиёт ходимлари дунё бўйлаб коронавирус пандемиясига қарши мардонавор курашаётганликларига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Юртимизда ҳам коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида тезкор ва қатъий чоралар кўрилмоқда. Ушбу жараёнда, айниқса, тиббиёт ходимларининг фидойилиги таҳсинга лойиқ. 

 

Ҳозирги мураккаб вазиятда қаҳрамонларча фаолият юритаётган соҳа фидойилари сафида Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлари институти клиникасида жамоаси ҳам бор. Бугун ушбу клиниканинг матонат ва жонуярлик билан иш олиб борган 67 нафар ходими Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов бошчилигида масъуллар томонидан алоҳида эҳтиром билан реабилитацияга кузатилди. Эндиликда улар ўрнида навбатдаги фидойи тиббиёт ходимлари фаолият бошлашади.

Давлатимиз раҳбари томонидан улар фаолиятига юқори баҳо берилиб, ўз ҳаёти ва соғлигини гаровга қўйиб, пандемия билан курашаётган шифокорлар, ҳамширалар, санитар ходимларга бутун Ўзбекистон халқи номидан чексиз миннатдорлик билдирганлари ҳам бежиз эмас.

Ушбу клиника жамоасининг халқаро стандартлар асосида даво муолажаларини олиб борганликлари учун ҳам куни кеча 10 нафар коронавирус инфекциясига чалинган беморлар бутунлай соғайишга эришди. Айни пайтда мазкур шифохонада даволанаётган юздан зиёд беморларни дарддан фориғ этиш йўлида тиббиёт ходимлари жасорат ва фидойилик намунасини кўрсатиб меҳнат қилишмоқда. Бу эса тез кунларда яна кўплаб беморларимизнинг бутунлай тузалиб кетишларига замин яратиши шубҳасиз.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов бирдамликда бор маҳорати ва тажрибасини ишга солган ҳолда меҳнат қилишган тиббиёт ходимларига чуқур эҳтиром кўрсатган ҳолда, улар ўрнида фаолият бошлаган шифокорларга муваффақият тилади.

 

15.04.2020

2020 йил 15 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1214 нафарни ташкил қилмоқда.

14.04.2020

2020 йил 14 апрель соат 23:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1165 нафарни ташкил қилмоқда.

14.04.2020

ЙТҲ оқибатида жароҳатланганларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда

Жорий йил 14 апрель куни соат 12:38 Олмазор тумани Чиғатой Дарвоза чорраҳасида чақирув бўйича кетаётган “Ford” русумли тез ёрдам машинаси ҳамда “Epica” русумидаги автомашина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси юз берган. Натижада 5 киши жароҳатланган.

82

Улар зудлик билан тиббий текширувдан ўтказилиб, белгиланган тартибда тез  тиббий ёрдам кўрсатилгач, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган.
 
Жароҳатланганлардан бири кўчма бригада шифокори, 32 ёшли У.У.нинг аҳволи қониқарли бўлганлиги сабабли уйига жавоб берилган. Тезкор  бригада фельдшери, 20 ёшли О.О., тез ёрдам  автомашинаси ҳайдовчиси, 55 ёшли И.Г. ҳамда “Epica” русумдаги автомашина ҳайдовчиси ва йўловчиси: 46 ёшли Н.С. ва 20 ёшли М.А. лар эса марказнинг  нейрожарроҳлик бўлимига ётқизилган. Айни пайтда уларнинг аҳволи ўртача оғирликда. Беморларга малакали шифокорлар томонидан стандартлар асосида тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Ҳозирда йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан суруштирув ишлари олиб борилмоқда.

14.04.2020

2020 йил 14 апрель соат 15:30 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1113 нафарни ташкил қилмоқда.