17.04.2020
Ҳамкорликда COVID-19га қарши курашишга кўмаклашиш мақсадида бир гуруҳ Хитойлик мутахассислар Ўзбекистонга етиб келди
Президентимиз ташаббуси билан хитойлик шифокорлар ва тиббиёт мутахассисларидан иборат 15 кишилик гуруҳ мамлакатимизга ташриф буюрди. Ушбу ташриф икки мамлакат ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорлик самараси ўлароқ амалга оширилди. Хитойлик мутахассислар мамлакатимизда COVID-19нинг олдини олиш, назорат қилиш ва даволашни ташкил этишда юртимиз тиббиёт ходимларига яқиндан кўмаклашади.

Таъкидлаш жоизки, Мазкур тиббий гуруҳ Хитойнинг Наньчан шаҳридан (Цзянси провинциясининг маъмурий маркази) келишган бўлиб, ушбу провинция Хубэй провинцияси билан чегарадош (коронавирус тарқалишининг эпидемик маркази) ва тузалиб кетган беморлар сони бўйича Хитойда биринчи ўринда туради.
Тиббий гуруҳ таркибига вирусолог, эпидемиолог, пульмонолог, терапевт, жарроҳ ва юқумли касалликлар бўйича мутахассислар киради. Улар орасида жорий йилнинг январь-февраль ойларида Хитойда коронавирусга қарши миллий кураш доирасида шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун тўғридан-тўғри COVID-19нинг тарқалиш марказига – Ухан шаҳрига ва Хубэй провинциясининг бошқа шаҳарларига юборилган етакчи клиникаларнинг тажрибали шифокорлари ҳам бор.
Айни пайтда хитойлик шифокорлар билан бирга, Хитой Халқ Республикаси ҳукумати номидан зарур тиббий буюмлар ва дори-дармонлар воситаларидан иборат гуманитар ёрдам ҳам олиб келинди.
17.04.2020
Наманганда яна 7 нафар бемор соғайди, юртимиз бўйлаб жами соғайганлар 153 нафарга етди
Кўп бор таъкидлаганимиздек, юртимиз бўйлаб коронавирус инфекциясига чалинган беморларни самарали даволаш борасида минглаб тиббиёт ходимлари матонат билан меҳнат қилишмоқда. Уларнинг саъй-ҳаракати билан беморларнинг бутунлай соғайишига эришилмоқда.

Жумладан, Наманган вилояти юқумли касалликлар шифохонасида бугун коронавирус инфекциясига чалинган яна 7 нафар бемор бутунлай соғайди.
Тузалганларнинг барчаси Наманган шаҳридан бўлиб, бир нафари Туркиядан Наманганга келган. Қолганлар эса коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олишган. Беморларнинг 3 нафари эркак, 4 нафари аёллардир. Улар орасида энг ёши каттаси 62 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 25 ёшда. Самарали даволаш муолажаларидан кейин, сўнгги текширувлар уларнинг хасталикни тўлиқ енгиб ўтганлигини кўрсатди. Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан шу пайтга қадар 15 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 22 нафарга етди.
Дарддан фориғ бўлаётган инсонлар қувончи коронавирус пандемияси билан курашаётганларга куч-ғайрат бағишламоқда. Бу каби хушхабарлар эса дунёни таҳликага солаётган коронавирус инфекцияси билан самарали курашиш мумкинлиги, ҳатто, ғолиб бўлиш имкони борлигини кўрсатмоқда. Бунда ҳал қилувчи зарбани бериш, шубҳасиз, тиббиёт ходимларининг зиммасида. Қаҳрамон шифокорларимиз эса ушбу вазифани шараф билан бажаришаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.
Айни пайтга қадар мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайган беморлар сони 153 нафарни ташкил этмоқда.
17.04.2020
Андижондан навбатдаги хушхабар: олти нафар бемор тўлиқ соғайди
Тиббиёт ходимлари дунё бўйлаб коронавирус пандемиясига қарши мардонавор курашаётганликларига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Ютимизда ҳам коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида тезкор ва қатъий чоралар кўрилмоқда. Ушбу жараёнда, айниқса, тиббиёт ходимларининг фидойилиги таҳсинга лойиқ.

Жумладан, Андижон вилояти юқумли касалликлар шифохонасида навбатдаги 6 нафар коронавирусга чалинган бемор бутунлай соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.
Тузалганларнинг барчаси коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олишган. Беморларнинг 2 нафари эркак, 4 нафари аёллардир. Улардан 4 нафари Андижон шаҳридан, 2 нафари эса Андижон туманидан. Улар орасида энг ёши каттаси 60 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 20 ёшда. Эътиборли томони, вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан шу пайтга қадар 4 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 10 нафарни ташкил илмоқда.
Соғайган беморлар вилоят юқумли касалликлар шифохонаси шифокорлари томонидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида олиб борилган тўғри даволаш муолажалари туфайли дарддан тўлиқ фориғ бўлишди.
Шундай қилиб, мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайган беморлар 146 нафарга етди.
17.04.2020
2020 йил 17 апрель соат 16:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1390 нафарни ташкил қилмоқда.
17.04.2020
COVID-19 касаллигига чалинган 1380 нафар беморнинг даволаниш жойи бўйича маълумот

17.04.2020
Бухорода яна 11 нафар бемор тузалиб, вилоятда жами соғайганлар сони 39 нафарга етди
Айни коронавирус пандемияси авж олган бир пайтда тиббиёт ходимларининг фаолияти жангга қиёсланмоқда. Биласиз, жангда қанчалик ғолиб бўлиб, душман чекинаверса, жангчиларнинг янада шиддати ошади, руҳи кўтарилади. Сўнгги кунларда коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг кетма-кет дарддни енгишаётгани шифокорларимизни янада руҳлантириб, матонат билан курашишларига туртки бўлмоқда. Ушбу кўтаринкилик юртимиз бўйлаб коронавирусга чалинган фуқароларимиз даволанаётган барча тиббиёт муассасаларидаги ходимларнинг янада ишонч билан фаолият юритишларига замин яратмоқда.

Ушбу ижобий жараёнларнинг самараси ўлароқ, бугун ҳам Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонасидан яна 11 нафар бемор буткул соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.
Соғайганларнинг барчаси чартер рейс орқали Туркиядан Бухорога келишган бўлиб, “Ситораи Моҳи Хоса” санаторийсида карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Беморларнинг 3 нафари эркак, 8 нафари аёллардир. Улардан 5 нафари пойтахтимиздан, 2 нафари Тошкент вилоятидан бўлса, Бухоро, Самарқанд, Наманган ва Андижон вилоятларидан эса 1 нафарни ташкил этади. Улар орасида энг ёши каттаси 56 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 30 ёшда.
Ушбу муваффақиятли қадамларга сабаб коронавирус инфекциясига чалинган беморларга малакали шифокорлар томонидан сифатли тиббий хизмат кўрсатилаётгани десак, хато бўлмайди. Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан шу пайтга қадар 28 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 39 нафарга етди.
Энг муҳими, соғлиқни сақлаш соҳасида кейинги йилларда олиб борилган ислоҳотлар, тиббиёт муассасаларида барча зарур шароитларнинг яратилгани, малакали кадрлар билан таъминланганлиги коронавирус пандемиясига қарши тезкор ва самарали курашишнинг ҳам асосий омили бўлмоқда.
Айни пайтга қадар мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан жами 140 нафар бемор тўлиқ соғайди.
17.04.2020
2020 йил 17 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1380 нафарни ташкил қилмоқда.
16.04.2020
Ўзбекистонда COVID-19га қарши курашишда ЖССТнинг барча тавсиялари бажарилмоқда
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси томонидан видеоконференция ташкил этилди. Маълумки, Ўзбекистон ҳам 53 мамлакат қаторига мазкур нуфузли ташкилотга аъзо ҳисобланади.

Бюро директори Ханс Клюге бошчилигидаги ушбу конференцияда Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон соғлиқни сақлаш вазирлари иштирок этди. Унда ҳозирги эпидемиологик вазият, шунингдек, COVID-19 билан касалланган беморларни даволашда экспериментал ва лицензияланган дори воситаларидан фойдаланиш масалалари асосий муҳокама мавзуси бўлди.
Видеоконференция давомида қайд этилганидек, баъзи мамлакатларнинг COVID-19 қарши курашишдаги ижобий белгилари бу ҳали ғолиблик дегани эмас, балки коронавирус устидан самарали назоратни кучайтириш учун яхши имкониятдир. Айни пайт қўл қовуштириб ўтирадиган вақти эмас. Жамиятда барча баҳамжиҳатлик билан ушбу вирус тарқалишининг олдини олиш ва тўхтатиш бўйича бир мушт бўлиб саъй-ҳаракатларни яна кучайтириши лозим бўлади.
– ЖССТ Европа минтақасидаги аксарият мамлакатларда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари кўпаймоқда, – деди ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге. – Европа минтақасида сўнгги 10 кун ичида қайд этилган коронавирусдан касалланиш ҳолатлари сони деярли икки марта ошди. Бу глобал миқёсда касалликка чалинишнинг тахминан 50 фоизи бизнинг минтақамизда содир бўлаётганини англатади. Афсуски, Европада вафот этганлар сони 84 мингдан ошди. Айни пайтда мамлакатлар беморларни самарали даволаш борасида ўзаро ҳамкорлик қилиши жуда муҳимдир. Ҳозирги вазиятдан келиб чиқан ҳолда, ушбу конференцияда биз ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси томонидан COVID-19 билан касалланган беморларни даволашда экспериментал дориларни қўллаш бўйича кўрсатма беришни муҳокама қилмоқдамиз.
– Дарҳақиқат, бугунги кунда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти COVID-19 пандемиясига қарши курашда энг илғор ташкилот ҳисобланади, – деди Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов. – Ҳозир ушбу ташкилот бизга ҳам услубий, ҳам техник жиҳатдан, ҳам маслаҳатлашув борасида катта ёрдам бермоқда. Ўзбекистонда ЖССТнинг барча тавсиялари бажарилмоқда. Бундан ташқари, ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси билан доимий ҳамкорлик, мунтазам равишда олиб борилаётган маслаҳатлашувлар бизга коронавирусга чалинган беморларни даволашда қўл келмоқда. Шунингдек, Россия Федерацияси, Германия, Франция, Исроил ва Туркия мутахассислари билан ҳам доимий алоқа ўрнатилиб, видеоконференция кўринишида эпидемиологик вазият ва беморларни даволаш бўйича маслаҳатлар ва тажриба алмашинуви йўлга қўйилган.
Вазир, шунингдек, бугунги кунда Ўзбекисонда 1349 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор қайд этилганини, улардан 129 соғайганини таъкидлади. Беморлар ЖССТ билан биргаликда ишлаб чиқилган протокол стандартлари асосида даволанмоқда. Бундан ташқари, ҳамкорликда улар учта тилда COVID-19 учун клиник қўлланма ишлаб чиқилди ва бугунги кунда нафақат тиббиёт ходимлари, балки кўплаб давлат идоралари вакиллари ҳам ушбу қўлланмадан эпидемияга қарши тадбирларни ўтказиш жараёнида фойдаланишмоқда. Тиббиёт ходимлари даволаш масалалари бўйича, асосан, ЖССТ стандартлари ва тавсияларига таянадилар.
Видеоконферецияда ҳар бир мамлакат ўз ҳолатини, вируснинг тарқалишини, кўрилаётган чораларни ва ижтимоий мақбулликни баҳолаб, энг мос чораларни кўриши кераклиги, шу билан бирга, ҳар бир инсонни касалликдан ҳимоялаш, хасталикни вақтида аниқлаш ҳамда даволаш учун ҳаракат қилиши керак.
Маҳаллий аҳоли орасида коронавирус ҳақида тўлақонли тушунча шаклланиши учун ҳар бир минтақа ва мамлакатнинг тавсиялари, тажриба ва янгиланишлар алмашинуви учун биргаликда фаолият юритиш жуда муҳим. Дунёда турли хил шароитларда коронавирусга қарши кураш бўйича кенг қамровли чоралар режасани ишлаб чиқиши учун давлатлар бир-бирларидан ўрганишлари лозим бўлади.
Тадбир якунида ЖССТ халқаро тадқиқотчилар билан COVID-19ни даволашда энг самарали бўлган маълумотларни тўплаш бўйича иш олиб борилиши қайд этилди.
16.04.2020
«International Beverages Tashkent» МЧЖ томонидан 1,6 миллиард сўм миқдоридаги наркоз-нафас олиш аппаратлари хайрия қилинди
Мамлакатимизда коронавирус пандемиясига қарши самарали курашиш учун тезкор ва қатъий чоралар кўрилмоқда. Хусусан, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, беморларни самарали даволаш ва лаборатория текширувларини ўтказиш каби муҳим вазифаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун давлатимиз томонидан улкан саъй-ҳаракатлар амалга оширилаяпти. Ўз навбатида, юртимизда фаолият юритаётган ишбилармонлар ҳам беморлар ва қийин аҳволда қолган фуқароларга ёрдам кўрсатишда давлатимиз ташаббусини қўллаб-қувватлаб, ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишга интилишмоқда.
Хусусан, бугунги кунда PepsiCo компаниясининг юртимиздаги «International Beverages Tashkent» МЧЖ қўшма корхонаси хайрия лойиҳаси доирасида Белгияда ишлаб чиқарилган, 1,6 миллиард сўм миқдоридаги “Caelus Lite” эксперт тоифасидаги наркоз-нафас олиш аппаратларини харид қилиб, COVID-19 билан касалланган беморларни даволаш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига беғараз тақдим этди.
– Хайрия лойиҳасини амалга оширишдан олдин биз дунёда ва мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ вазиятни синчковлик билан ўргандик, Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари билан маслаҳатлашдик, – дейди «International Beverages Tashkent» МЧЖ директори Музаффар Солижонов. – Шунга кўра, “Caelus Lite” эксперт тоифасидаги наркоз-нафас олиш аппаратларини сотиб олишга қарор қилдик. Ушбу аппарат “МЕДЕC” компаниясининг анестезиология иш станциялари соҳасидаги 40 йиллик тажрибаси маҳсулидир. Ушбу аппаратнинг асосий вазифаси – анестезиология бўлиб, айни пайтда ўпкани тўла-тўкис сунъий шамоллатиш вазифасини ҳам бажаради. Умид қиламизки, ушбу аппаратлар коронавирусга чалинган, аҳволи оғир беморларнинг тезроқ соғайишига кўмаклашади ва шифокорларимиз фаолиятига яқиндан ёрдам беради. Биз хайрия ишларини давом эттириш ва мамлакатимизда коронавирусга қарши курашда муносиб ҳиссамизни қўшиш ниятидамиз.
16.04.2020
Тошкент шаҳрида яна 1 нафар бемор соғайиб, тузалганлар 129 нафарга етди
Коронавирус пандемияси туфайли юзага келган хавотирли вазиятда одамларни қувонтирадиган, беморларга ишонч бахш этадиган хайрли хабарлар ортида фидойи тиббиёт ходимларининг мардона саъй-ҳаракати ҳал қилувчи рол ўйнаётганини алоҳида таъкидлашни истардик.

Пойтахтимиздаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлари илмий-текшириш институти клиникасида коронавирус инфекциясига чалинган 1 нафар бемор буткул соғайди.
Соғайган бемор 70 ёшда бўлиб, Тошкент шаҳрида яшайди. У мулоқот орқали коронавирус инфекциясини юқтириб олган. Самарали даволаш муолажаларидан кейин, сўнгги текширувлар унда инфекция йўқлигини кўрсатди. Шундай қилиб, ушбу клиникада ҳозирга қадар дарддан фориғ бўлганлар 11 нафарга етди.
Айни пайтда клиникада коронавирус инфекциясига чалинган беморларга тиббиёт ходимлари томонидан халқаро стантдартлар асосида муолажалар олиб борилмоқда. Бунда малакали пульмонолог, кардиолог, терапевт, эндокринолог каби мутахассислар билан телемулоқот ўрнатилиб, зарур тавсияларни олинмоқда.
Ҳозирда мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан жами 129 нафарга етди.
16.04.2020
Хоразм вилоятида яна бир нафар бемор тузалди
Юртимизда коронавирус инфекциясига чалинган беморларни самарали даволаш жараёнида минглаб тиббиёт ходимларининг матонати ва фидойилигига ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Бунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида шифокорлар астойдил меҳнат қилишмоқда.

Тошент шаҳри, Бухоро, Наманган, Фарғона, Андижон ва Қашқадарё вилоятларида коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг соғайиб чиқаётганлиги ҳақидаги хабарлар барчамизни мамнун этмоқда. Шу жумладан, Хоразм вилояти юқумли касалликлар шифохонасида ҳам бугун яна бир нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор бутунлай соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.
Соғайган 33 ёшли бемор жорий йил 22 март куни чартер рейс орқали Россиядан Хоразмга келган ва карантинга олинган эди. Унда коронавирус инфекцияси аниқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Унинг тузалишида, шу билан бирга, бошқа коронавирус инфекциясига чалинган беморларда самарали даволаш муолажалар олиб боришда мазкур шифохона тиббиёт ходимларининг бирдамликда олиб бораётган саъй-ҳаракатлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ҳозирга қадар мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан буткул соғайганлар 128 нафарга етди.
16.04.2020
Бухорода яна 20 нафар бемор бутунлай соғайди. Уларнинг барчаси хориждан келган
Сўнгги йилларда нафақат пойтахтимизда, балки мамлакатимизнинг барча ҳудудларида соғлиқни сақлаш соҳаси ривожига алоҳида эътибор қаратилди. Янги тиббиёт муассасаларини қуриш, таъмирлаш, ихтисослаштирилган тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш, малакали кадрлар тайёрлаш, замонавий тиббий технологияларни жорий этиш каби йўналишлардаги саъй-ҳаракатлар бугун ўз самарасини бермоқда.

Коронавирус пандемияси авжига чиққан бир пайтда, юртимизнинг деярли барча ҳудудларида ушбу инфекцияга чалинган беморларга малакали шифокорлар томонидан сифатли тиббий хизмат кўрсатилаётгани ҳам соҳада олиб борилган ислоҳотлар натижасидир.
Жумладан, бугун Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонасидан яна 20 нафар бемор буткул соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.
Тузалганларнинг барчаси чартер рейс орқали Туркиядан Бухорога келишган бўлиб, “Ситораи Моҳи Хоса” санаторийсида карантинга олинган эди. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Беморларнинг 10 нафари эркак, 10 нафари аёллардир. Улардан 11 нафари Тошкент шаҳри, 4 нафари Самарқанд вилояти, 2 нафари Жиззах вилоятидан, Қашқадарё, Навоий ва Тошкент вилоятларидан эса 1 нафарни ташкил этади. Улар орасида энг ёши каттаси 57 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 21 ёшда.
Беморларнинг дарддан фориғ бўлишида, шубҳасиз, мазкур шифохона тиббиёт ходимларининг бирдамликда олиб борган самарали даволаш муолажалари муҳим аҳамият касб этди. Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан шу пайтга қадар 8 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 28 нафарга етди.
Ҳозирги синовли кунларда ҳақиқий фидойилик намунасини мамлакатимизда фаолият юритаётган минглаб шифокорларимиз мисолида кўриб турибмиз. Ушбу саъй-ҳаракатлар самараси тузалаётган беморлар кўрсаткичида намоён бўлмоқда. Бугун яна бир қатор шифохоналарда соғайган беморларнинг реабилитацияга кузатилиши кутилмоқда.
Айни пайтда қадар мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан жами 127 нафар бемор тўлиқ соғайди.
Ваколатли органлар оммавий ахборот воситалари билан доимий алоқада. Коронавирус касаллиги тўғрисида аниқ маълумотни расмий веб-сайтларда топиш мумкин.