Коронавирус инфекцияси билан боғлиқ
тиббий масалалар бўйича Call-марказ
1003
eye
Уйда қолинг! / Оставайтесь дома! Уйда қолинг! / Оставайтесь дома! Уйда қолинг! / Оставайтесь дома! Уйда қолинг! / Оставайтесь дома!

Янгиликлар

12.04.2020

Шифокорларимиз коронавирус инфекциясини самарали даволаш мумкинлигини исботлашмоқда: яна 19 нафар бемор соғайди

Апрель 12, 2020

 

Коронавирус пандемияси туфайли дунё мамлакатлари бошига тушган синов юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Шундай вазиятда аҳолининг қийинчиликларни бирдамлик билан енгишга ҳаракат қилишаётгани эътиборга молик. Айниқса, ушбу инфекция тарқалишининг олдини олиш борасида тезкор ва қатъий чоралар кўрилмоқда. Бунда тиббиёт ходимлари матонати ва фидойилиги алоҳида эътиборга молик.

Уларнинг коронавирус инфекциясига чалинган беморларимиз соғайиб кетишлари йўлидаги мислсиз ғайрати туфайли яна 19 нафар бемор дарддан бутунлай фориғ бўлишди. Тузалганлар Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ва бошқа масъуллар Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатишди.

Дарҳақиқат, қаҳрамон шифокорларимизнинг билими ва тажрибаси туфайли коронавирус инфекциясига чалинганлар орасида ўлим кўрсаткичларининг минимал даражада бўлиши ва аксинча, соғайганларнинг максимал даражада бўлишига эришилмоқда. Натижада, айни пайтда соғайганлар 61 нафарга етди. 

 

Бу каби самарали натижаларга эришишда, аввал хабар қилганимиздек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, шунингдек, Германия, Жанубий Корея, Хитой, Япония каби қатор давлатларнинг нуфузли мутахассислари тавсияларидан фойдаланилаётгани, бундан ташқари, юртимизнинг пульмонолог, кардиолог, терапевт, эндокринолог каби етук мутахассислари билан телемулоқот ўрнатилиб, зарур тавсияларни олишаётгани, уларни бир жамоа бўлиб фаолият кўрсатишаётганлиги ана шундай ижобий ютуқларни қўлга киритишда муҳим омил бўлмоқда. Қувонарли жиҳати, шифокорларимиз маҳорат ва фидойилиги коронавирус инфекциясини самарали даволаш мумкинлигини исботламоқда.

Ҳар гал дарддан фориғ бўлаётган инсонлар қувончи эса қаҳрамон тиббиёт ходимларига куч-ғайрат, иштиёқ бағишламоқда. Энг муҳими, ушбу хушхабарлар дунёни таҳлика солаётган коронавирус инфексияси билан самарали курашиш мумкинлиги, ҳатто ғолиб бўлиш имкони борилигини кўрсатмоқда. Бунда эса ҳал қилувчи зарбани бериш, шубҳасиз, тиббиёт ходимларини зиммасидаги улкан масъулиятдир. Қаҳрамонларимиз эса ушбу вазифани шараф билан уддалашмоқда, деб бемалол айтишимиз мумкин.

12.04.2020

2020 йил 12 апрель соат 15:30 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 833 нафарни ташкил қилмоқда.

12.04.2020

Коронавирус инфекциясига қарши курашаётган яна бир гуруҳ тиббиёт ходимлари ўрин алмашди

Апрель 12, 2020

 

Айни пайтда юртимиз бўйлаб минглаб тиббиёт ходимлари коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволашда, карантинда сақланаётган фуқароларни тиббий кузатувга олишда, ҳақиқий маънода, қаҳрамонлик кўрсатишмоқда. Улар сафида пойтахтимиздаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасининг аҳил жамоаси ҳам фидойилик кўрсатиб меҳнат қилишмоқда.

Бугун ушбу клиниканинг бир гуруҳ тиббиёт ходимлари Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов томонидан чуқур миннатдорлик изҳор этилиб, юксак эҳтиром билан реабилитацияга кузатилди. Эндиликда улар ўрнида навбатдаги фидойи тиббиёт ходимлари фаолият бошлашади.

Шу ўринда эътироф этиш керакки, мазкур клиниканинг билимли ва матонатли жамоаси саъй-ҳаракатлари туфайли шу кунгача жами 37 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор бутунлай соғайди. Тез фурсатларда ушбу клиникадан яна ўнлаб беморларнинг соғайиб чиқиши кутилмоқда. Айна пайтда бу ерда 112 нафар беморга шифокорлар томонидан кеча-ю кундуз халқаро стандартлар асосида, самарали даволаш муолажалари олиб борилмоқда.

– Беморларнинг соғайиши йўлида клиникамизда бор маҳоратини ишга солиб, фидойилик кўрсатаётган тиббиёт ходимларининг ўрни алоҳида, – дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор, Вирусология илмий-текшириш институти директори Эркин Мусабаев. – Даволаш жараёнида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, шунингдек, Германия, Жанубий Корея, Хитой, Япония каби қатор давлатларнинг нуфузли мутахассислари тавсияларидан фойдаланилмоқда. Бундан ташқари, юртимизнинг пульмонолог, кардиолог, терапевт, эндокринолог каби етук мутахассислари билан телемулоқот ўрнатилиб, зарур тавсияларни олишаётгани ҳам шифокорларимизга қўл келмоқда. Коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволаётган вилоятларимиздаги тиббиёт муассасалари шифокорлари билан ҳам доимий мулоқотда бўлиб, тажриба алмашиб турибмиз.

Энг муҳими, оиласи, яқинлари, халқимиз учун ишда қолиб, коронавирус инфекциясига беморларни шифо улашишга интилаётган тиббиёт ходимлари ҳар қанча эътирофга лойиқ.

 Мамлакатимиз Президентининг коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган қатор видеоселектор йиғилишларида, уч марта халқимизга йўллаган мурожаатларида ҳам шифокорларимиз меҳнатига алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, ушбу курашнинг олдинги сафларида чинакам жасорат ва матонат кўрсатаётган жонкуяр ва олижаноб шифокорларга чуқур миннатдорлик билдирдилар. Бу эътироф тиббиёт ходимларининг кучига куч қўшиши, эпидемия балосини аритишда янада фидойилик билан меҳнат қилишларида туртки бўлиши шубҳасиз. 

12.04.2020

2020 йил 12 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 796 нафарни ташкил қилмоқда.

11.04.2020

Коронавирусга чалинган бемор ўткир нафас ҳамда ўпка-юрак етишмовчилиги натижасида вафот этди

Фарғона вилояти Ёзёвон туманида яшовчи, Умра сафарида бўлиб қайтган 59 ёшли фуқаро Н.да жорий йил 25 март куни коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган эди.

Бемор (аёл) шу йили 31 март куни сунъий нафас олиш аппаратига уланган. Беморда ўпканинг сурункали обструктив касаллиги, гипертония 3-босқич, артериал гипертензия 3-даража, хавф ўта юқори бўлганлиги сабабли касаллик оғир кечиб, у 12 кун давомида сунъий нафас олиш аппаратида бўлган.

Даволаниш даврида тиббиёт фанлари доктори, профессор А.Хаджибаев раҳбарлигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош пульмонологи, профессор И.Ливерко, етакчи реаниматологлар Д.Собиров ва Х.Сатторов иштирокида бир неча бор видеоалоқа орқали керакли тавсиялар бериб борилган. Бундан ташқари, даволаш стандартларига мувофиқ, вирусга қарши, антибактериал, инфузион, муколитик, симптоматик ва респиратор терапия муолажалари ҳам олиб борилган.

Аммо жорий йил 11 апрель куни кечки пайт беморнинг аҳволи кескин ёмонлаша бошлаган. Унга қатор соҳа мутахассислари томонидан ўтказилган шошилинч реанимацион муолажалар кўрсатилган. Лекин стандарт асосида олиб борилган чора-тадбирларга қарамасдан бемор Н.да ўткир респиратор дисстрес синдром, ўткир нафас етишмовчилиги ҳамда ўпка-юрак етишмовчилиги натижасида биологик ўлим қайд этилди.

11.04.2020

2020 йил 11 апрель соат 23:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 767 нафарни ташкил қилмоқда.

11.04.2020

Қисқа вақт ичида вазирликнинг “coronavirusyordam” онлайн телеграм бот каналига 83 мингдан ортиқ фуқаро мурожаат қилган

Соғлиқни сақлаш вазирлиги UZINFOCOM ягона интегратори билан ҳамкорликда “coronavirusyordam” онлайн телеграм ботини ишга туширган эди.

 

Унинг мақсади бугунги эпидемиологик вазиятда аҳоли ўртасида тарғибот ишларини самарали ва тўғри ташкил қилиш, фуқароларни коронавирус инфекцияси  билан боғлиқ  барча саволларига тўлақонли ҳамда ишончли жавоб беришдан иборат.

Ботда аҳоли томонидан кўп берилаётган саволлар тўплами ва уларга малакали мутахассислар томонидан тайёрланган жавоблар қулай шаклда жойлаштирилган. Бундан ташқари, фуқаролар операторларга саволлар йўллаб, улардан ёзишма орқали жавоблар олишмоқда. Бот-маслаҳатчи ўзбек ва рус тилларида юритилмоқда. Онлайн маслаҳатчи модулининг 70 га яқин тажрибали шифокор, профессор ва ўқитувчилардан иборат операторлар гуруҳи уч сменада туну кун онлайн тартибида аҳоли томонидан келиб тушаётган барча саволларга жавоб беришмоқда. 

Жорий йилнинг 31 март куни ишга тушган телеграм ботга бугун, 11 апрель соат 15:00 гача 83 мингдан ортиқ фуқаро кирган. Улардан 10 мингдан ортиғи операторлар билан чат оркали боғланган ва 18 мингдан ортиқ саволларга жавоб олишган. Қолганлар эса ботдаги тайёр савол-жавоблардан ўзларига керакли маълумотларни олишган.
 
– Операторларнинг барчаси иш бошлашдан аввал улар учун ташкил қилинган семинарда махсус тайёрганликдан ўтишган, – дейди ботни юритиш буйича ишчи гуруҳ раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор  Шуҳрат Боймурадов. – Бугунги кунда энг кўп бериладиган саволлар қуйидагича: вилоятлар ёки туманлар кесимида касалланганлик ҳолати қандай, коронавирус инфекциясига учраган инсонда касалликнинг белгилари қанақа бўлади, COVID-19 тасдиқланган ҳолатлар карантиндагилар ичидан аниқланаяптими ёки аҳоли орасидан, беморларнинг ҳозирги аҳволи қанақа ва ҳоказолар. Шунингдек, ижтимоий соҳага оид саволлар ҳам кам эмас. Операторларимиз уларнинг барчасига асосланган жавобларни беришмоқда, керак бўлганда, тегишлилиги бўйича саволга жавоб бериш учун масъул хизматларнинг телефон рақамларини келтиришмоқда.

Фуқаролар ҳаммасидан ҳам кўпроқ карантин качон тугайди, деган саволни беришлари табиий. Унга операторларимиз қуйидагича жавоб беришмоқда: бу пандемияга қарши сиз ва биз биргаликда курашишимизга боғлиқ, агар барчамиз карантин қоидаларига қатьий риоя килсак, жаҳон тажрибасига кўра, охирги касалланганлик ҳолати аниқлангандан кейин икки ҳафта ўтгач, карантин тугаши ҳақида эълон қилинади. Мақсадимиз – фуқароларни уйда ўтирган ҳолатда ҳам керакли маълумотлар билан қуроллантириш, шундагина улар ваҳимага берилмай, касалликка қарши курашда бирдамликка эришишимизда кўмак берадилар. 

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

11.04.2020

Шу вақтгача қисқа рақамли 1003 call-марказига 650 мингдан ошиқ мурожаат келиб тушди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларимизнинг ҳар бир мурожаати эътибордан четда қолмаслиги, уларни ишончли маълумотлар билан таъминлаш йўлида астойдил ҳаракат қилмоқда.

Аввал хабар қилганимиздек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан шу йилнинг 15 март куни юртимизда коронавирус инфекциясини тарқалишини олдини олишда кўрилаётган чоралар тўғрисида объектив ва ишончли маълумот билан таъминлаш, аҳолини қизиқтирган саволларига жавоб бериб бориш мақсадида 1003 қисқа рақамли Call-маркази ишга туширилган эди. Мазкур қисқа рақам орқали бугунги кунда аҳоли ўзини қизиқтираётган саволларига тиббиёт соҳасининг малакали ходимлари, тажрибали шифокор ва профессор олимлари  томонидан  аниқ ва асосли жавоблар олишмоқда.

Call-марказ туну кун фаолият кўрсатмоқда. Унда 200 нафардан ортиқ профессор ўқитувчилар, шифокорлар уч сменада узлуксиз фуқароларнинг мурожаатларига жавоб беришмоқда.

Жорий йилнинг 15 март куни соат 21:00 да ишга тушган Call-марказга бугун, 11 апрель соат 15:00 гача 650 мингдан зиёд қўнғироқ келиб тушган. 10 апрелни ўзида эса операторлар 10 734 та мурожаатга тиббий асосланган жавоблар беришган. Энг кўп берилаётган саволлар орасида касаллик белгилари қандайлиги ҳақидаги саволлар ҳалигача долзарблигини йўқотмаяпти.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

11.04.2020

2020 йил 11 апрель соат 14:30 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 729 нафарни ташкил қилмоқда

Ушбу касалликдан бутунлай соғайганлар сони 42 нафарни ташкил этмоқда.

11.04.2020

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда “COVID-19 бўйича миллий қўлланма” яратилди

Мамлакатимизда дунё бўйлаб шиддат билан тарқалаётган коронавирус пандемиясига қарши самарали курашиш борасида тезкор ва қатъий чоралар кўрилмоқда. Жумладан, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, касалликка чалинган беморларни самарали даволаш ҳамда лаборатория текширувларини ўтказиш каби муҳим жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

89

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда тайёрланган “COVID-19 бўйича миллий қўлланма”да айнан коронавирус инфекциясига қарши зарур чоралар батафсил баён этилган.
  
Қўлланмада COVID-19ни бошқариш алгоритми, жумладан, мулоқотда бўлган шахсларни, шубҳали ҳамда тасдиқланган ҳолатларни бошқариш, янги коронавирус туфайли келиб чиққан касалликнинг енгил формаси билан касалланган беморни уйда парвариш қилиш ва мулоқотда бўлган шахсларни бошқариш тактикасига батафсил тўхталиб ўтилган.

Шунингдек, қўлланмада коронавирус билан шубҳаланган шахсларни лаборатор текширувидан ўтказиш намуналарини олиш ва уларнинг транспортировкаси, касалланган беморларни клиник бошқарув, тиббиёт муассасаларида коронавирусга қарши курашиш учун инфекцион назорат чораларини ташкил этишда тиббиёт ходимларининг ваколат ва мажбуриятларига кенг ўрин ажратилганлиги билан ҳам эътиборга молик.

Энг муҳими, айни пандемия авж олган бир пайтда ушбу қўлланма барча учун бирдек фойдали. Негаки, унда коронавирус инфекцияси аломатлари сезилган беморларни, халқаро стандартлар асосида, самарали даволаш бўйича тавсиялардан тортиб, соғайган беморларни реабилитация қилишгача бўлган жиҳатлар акс эттирганлиги билан аҳамиятлидир.

Ушбу қўлланма билан танишган мутахассислар коронавирусга чалинганларни муолажа қилиш, хасталанганлар билан мулоқот қилганларни назорат қилиш, тиббий кузатув олиб бориш борасида керакли тавсияларга эга бўлишса, фуқаролар эса касаллик ҳақида, ундан сақланиш борасидаги стандарт эҳтиёт чоралари, ҳаво-томчи йўли, яқин мулоқотда бўлиш каби вирус юқиш хавфларидан сақланиш борасида зарур маълумотларга эга бўлишлари мумкин.

Мутахассислар ва кенг жамоатчилик учун мўлжалланган ушбу қўлланма Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг янги COVID-19 коронавируси бўйича тавсиялари асосида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ҳамда ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари, доктор Лианне Куппенс раҳбарлиги остида малакали мутахассислар томонидан тайёрланди.

11.04.2020

2020 йил 11 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 694 нафарни ташкил қилмоқда.

10.04.2020

2020 йил 10 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 669 нафарни ташкил қилмоқда.