10.04.2020
Наманганда ҳам тўрт нафар бемор коронавирусдан бутунлай соғайди
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, Наманган вилоятида ҳам коронавирус инфекциясига қарши изчил кураш олиб бориляпти.
Карантин тадбирлари қатъий йўлга қўйилган. Шу билан бирга, вилоят юқумли касалликлар шифохонасида коронавирусга чалинган беморлар стандартлар бўйича даволанмоқда. Фидойи ва ватанпарвар шифокорларимиз уларни дарддан халос қилиш учун туну кун фаолият кўрсатишмоқда.
Бугун касбига садоқатли тиббиёт ходимларининг астойдил саъй-ҳаракатлари ўзининг дастлабки мевасини берди. Вилоятдаги тўрт нафар коронавирусни юқтирган фуқаро бутунлай соғайиб, реабилитацияга олиниш бахтига муяссар бўлди.
Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов ва бошқа масъуллар томонидан вилоят реабилитация марказига кузатиб қўйилди. Касалликдан тузалган фуқаролар маълум муддат шу ерда карантинда бўлади.
– Бугун менинг ҳаётимда унутилмас сана. Худди қайта дунёга келгандек ҳис этяпман ўзимни, – дейди бемор. – Бизни ўйлаб шунчалик шароит яратиб берган Президентимизга беҳисоб раҳмат. Шифокорларимиздан бир умр миннатдормиз. Улар ўзларининг жасоратли хизматлари, юксак малакалари, инсоний муносабатлари билан бизни оёққа турғазишга сабаб бўлишди.
Дарҳақиқат Президентимизнинг коронавирус инфекциясини тарқалишини олдини олишга қаратаётган саъй- ҳаракатлари ушбу касалликка қарши тизимли ва самарали курашишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, бундай ижобий кўрсаткичларга эришишда давлатимиз раҳбари топшириғига кўра, ҳар бир беморга икки нафардан шу соҳада кўзга кўринган тажрибали мутахассисларни жалб қилинганлиги, шунингдек, шифокорлар беморларни даволаш жараёнида мамлакатимизнинг қатор етук мутахассислари билан телемулоқот ўрнатиб, улардан керакли тавсияларни олаётгани ҳам қўл келмоқда. Нуфузли мутахассислар билан ҳамкорлик беморларнинг ҳолати юзасидан маслаҳатлашиш, аниқ ташхис қўйиш ва самарали даволаш имконини беряпти.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирда юртимизда коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг 42 нафари ушбу касалликдан тўлиқ фориғ бўлишди. Шу кунларда шифокорларимиз мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидаги даволаш муассасаларидаги беморларнинг ҳам соғайиб кетишлари учун бор маҳоратларини ишга солган ҳолда қаҳрамонларча курашмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.
10.04.2020
2020 йил 10 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 624 нафарни ташкил қилмоқда.
Ушбу касалликдан бутунлай соғайганлар сони 38 нафарни ташкил этмоқда.
09.04.2020
Алишер Шадманов: “Фидойи тиббиёт ходимларининг меҳнати ҳар қанча эҳтиромга муносиб”
Апрель 9, 2020 
Аввал хабар қилганимиздек, бугун юртимизда коронавирус инфекциясига чалинган беморлардан яна 8 нафари бутунлай соғайиб, ушбу дарддан фориғ бўлганлар 38 нафарга етди.

Албатта, бундай қувончли воқеалар замирида бор маҳоратини ишга солиб, фидойилик кўрсатаётган тиббиёт ходимларининг заҳматли меҳнати мужассам. Шу боис бугун беморларнинг дардига малҳам бўлаётган Вирусология илмий-текшириш институти клиникаси жамоасига Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов томонидан алоҳида эҳтиром кўрсатилиб, гулдасталар билан бирга, чуқур миннатдорлик изҳор этилди.

- Сабаби улар бугунги кун қаҳрамонлари,- дейди Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов.- Бу эътироф дунёнинг барча минтақаларида, давлатларида янграётгани ҳам бежиз эмас. Чунки жаҳон бўйлаб инсонлар ҳаётига таҳдид солаётган коронавирус инфекциясига қарши, биринчи навбатда, шифокорлар жасорат ва матонат кўрсатишмоқда. Юз минглаб беморларнинг ҳаёти учун кеча-ю кундуз жон куйдираётган тиббиёт ходимларига миллиардлаб инсонларнинг умид кўзлари қадалган. Дарддан фориғ бўлаётган инсонлар қувончи эса қаҳрамон тиббиёт ходимларига куч-ғайрат, иштиёқ бағишламоқда.

Бундай ватанпарварлик намунасини мамлакатимизда фаолият юритаётган минглаб шифокорларимиз мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Улар оиласи, яқинлари, халқимиз учун махсус тиббиёт ва карантин муассасаларида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга астойидил ҳаракат қилишмоқда. Шундай экан, улар меҳнати ҳар қанча эҳтиромга муносибдир, -дейди Алишер Шадманов.
09.04.2020
Яна 8 нафар бемор соғайди, вазир фидойи шифокорларга миннатдорлик билдирди

09.04.2020
ССВ: пиёзнинг коронавирусни тўплаб олиб ўлдириши – сафсата
Ижтимоий тармоқларда томонидан пиёзнинг ажойиб хусусиятлари, жумладан коронавирусни ўлдириши таърифланган видеолавҳа тарқалди.
Сўзларига қараганда Зилола исмли шахс пиёзнинг хусусиятларини жуда ишонарли тасвирлашга уринади:
– Ўзимизнинг оддий пиёзни иккига-учга бўлиб, деразалар олдига, шкафлар ичига, хуллас одам кирадиган жойларга қўйиб ташланса, бу ҳар қандай вирусни ўзига тортиб олиб, касаллик тарқалишининг олдини оларкан. Ҳар икки учун кунда алмаштириб туриш керак экан. Эътибор бериб қаралса, ўша пиёз барча вирусларни, коронавирусни ҳам ўзига тортиб оларкан ва ўлдираркан, шу туфайли қорайиб қоларкан. Илтимос, шу видеони тарқатворинглар, ҳозиргина Қирғизистонлик акахоним айтди, улар Хитойдан кўриб шундай қилишибди – дейди опа ҳаммага саломатлик тилаганича.
Бу гаплар қанчалик асосли эканлиги билан қизиққан Kun.uz мухбири Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга қарши кураш штаби масъул ходими Саидмурод Саидалиевдан изоҳ сўради:
– Пиёз организм учун фойдали маҳсулотлиги, жумладан бактерицид хусусиятга ҳам эга эканлиги шубҳасиз. Чунки унинг таркибида фитонцид моддалар мавжуд ва улар кўплаб бактерияларни ўлдириш хусусиятига эга. Аммо пиёзнинг вирусларни ўзига тортиб олиши ва ўлдириши сафсатадан ўзга нарса эмас.
Бўлакларга бўлиб уйга сочиб чиқишнинг коронавирусдан ҳимоялаши ва бу касалликка даво бўлиши илмий жиҳатдан умуман асосланмаган. Пиёз ҳам кесиб қўйилса, ҳар қандай бошқа сабзавот сингари вақт ўтиб эскиради, қораяди ёки бошқа тусга киради. Бу асло вирусларга боғлиқ эмас.
Юртдошларимизга интернетдаги “мутахассис”лардан эмас, бевосита соҳа вакилларидан маслаҳат олишни тавсия қилган бўлардим, – деди С. Саидалиев биз билан суҳбатда.
09.04.2020
2020 йил 9 апрель соат 15:30 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 582 нафарни ташкил қилмоқда.
09.04.2020
2020 йил 9 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 555 нафарни ташкил қилмоқда.
Ушбу касалликдан бутунлай соғайганлар сони 30 нафарни ташкил этмоқда.
08.04.2020
2020 йил 8 апрель соат 23:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 546 нафарни ташкил қилмоқда.
08.04.2020
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 8 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишидан
«Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонда ҳаёт барқарор суръатда давом этмоқда. Энг асосийси, минг-минглаб юртдошларимиз, айниқса шифокорларнинг фидойи хизмати, ўз бурчига садоқати туфайли кўраётган тезкор чораларимиз ўзининг ижобий натижасини бермоқда», – деди Президентимиз 8 апрель куни коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида.

Лекин, мисли кўрилмаган даражада тарғибот ишларига қарамай уйида даволанган ва оғир ҳолатда ётқизилган 40 яшар бемор кеча оламдан ўтди.
Марҳумнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирар экан, давлатимиз раҳбари яна бир бор барчани огоҳликка чақирди. “Касаллик аломатини сездингизми, дарҳол шифокорларга мурожаат қилинг. Такрор айтаман, касалликни оиламизга кириб келмаслиги, ўзимиз ва яқинларимизни ушбу иллатдан сақлаб қолиш, энг аввало, ўзимизга боғлиқ!”
Афсуски, карантин ва санитария-гигиена талабларига бефарқ қараётган шахслар ҳам йўқ эмас.
Масалан, ўтган даврда карантин қоидаларининг 47 мингга яқин бузилиш ҳолатлари, шу жумладан, 34 минг марта ниқоб тақмаслик, 11 минг марта автотранспортда карантинга риоя қилмаслик ҳолатлари аниқланиб, жарималар қўлланган. Ҳаттоки, 24 та ҳолатда юзлаб одамларни тўплаб, зиёфат ва маросимлар ўтказилгани аниқланган.
– Бутун дунёнинг бошига тушган бу мураккаб синовдан биз, Худо хоҳласа, янада кучли бўлиб, бир-биримизга меҳримиз янада зиёда бўлиб, албатта ёруғ юз билан ўтиб оламиз. Фақат тартиб-интизомга қатъий риоя қилиб, ўринсиз ваҳимага тушмасак, тушкунликка берилмасак, марра бизники бўлади.
Бу вақтинчалик қийинчилик ва муаммолар, албатта, ўтиб кетади. Пок ниятли, дину диёнатли, сабр-бардошли, олижаноб халқимиз билан ҳали кўп яхши кунларни кўрамиз, кўп тўй-томоша ва тантаналарни биргаликда нишонлаймиз, олдимизга қўйган мақсадларимизга албатта етамиз,” – деди Шавкат Мирзиёев.
08.04.2020
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 8 апрель куни видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 8 апрель куни коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда таъкидлаганидек, пандемия шароитида сўнгги бир ой ичида хорижий давлатлардан 20 та чартер рейс орқали 6 минг, темир йўл ва чегара постлари орқали 10 минг нафар фуқаромиз олиб келинди. Уларнинг барчаси 160 та манзилга жойлаштирилиб, карантинга олинди.
Тажрибали шифокор профессорлардан иборат махсус штаб тузилиб, ҳар бир беморни даволашда 24 соатлик онлайн маслаҳат бериш йўлга қўйилди. Хитой ва Жанубий Кореядан вирусологлар таклиф қилинди. Россия, Германия, Япония, Туркия каби давлатлар мутахассислари билан ҳам доимий телемедицина алоқалари ўрнатилган.
– Энг муҳими – халқимиз юзага келган вазиятни тўғри баҳолаб, ўз хизмат вазифаларини масофадан туриб бажармоқда, шифокорлар тавсияси ва карантин тартиб-қоидаларига қатъий амал қилиб, ўзларининг маданияти, онги ва интизоми билан барчага ўрнак бўлмоқда. Ўқувчи ва талаба ёшларимиз онлайн дарс ва машғулотлар орқали таълим олишда давом этмоқда, – деди давлатимиз раҳбари.
08.04.2020
2020 йил 8 апрель соат 17:15 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 545 нафарни ташкил қилмоқда.
08.04.2020
Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ошириш тизимида қатор янгиликлар жорий этилади
Тошкент врачлар малакасини ошириш институти Тиббиёт ходимларини касбий малакасини ривожлантириш маркази этиб қайта ташкил этилади ҳамда Тошкент шаҳридаги 1-сон Республика клиник шифохонаси негизида Марказнинг кўп тармоқли клиникаси тузилади.

Ушбу ўзгаришлар давлатимиз раҳбарининг “Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилади.
Бундан ташқари, тиббиёт олий таълим муассасалари мавжуд бўлмаган ҳудудлар (Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган ва Сирдарё вилоятлари)да ҳудудий кўп тармоқли катталар ва болалар тиббиёт марказларида мазкур Марказнинг филиалларини очилади.
Аҳамиятли томони, Марказда 2021 йилги Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури маблағлари ҳисобидан халқаро стандартларга жавоб берадиган ўқув-симуляцион маркази ташкил қилинади.
Шунингдек, 2021 йил 1 январдан бошлаб шифокорлар учун ҳар 5 йилда малака тоифасини олиш бўйича мажбурий аттестациядан ўтиш тартиби киритилади ҳамда уларга қулайлик яратиш ва шаффоф ўтказилишини таъминлаш учун аттестацияни онлайн тартибда аудио ва видеокузатув остида ташкил этиш тизими жорий этилади. Яна бир муҳим янгилик: бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тиббиёт ходимларини аттестациядан ўтказиш учун тўлов бекор қилинади.
Ваколатли органлар оммавий ахборот воситалари билан доимий алоқада. Коронавирус касаллиги тўғрисида аниқ маълумотни расмий веб-сайтларда топиш мумкин.