07.04.2020
2020 йил 7 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 472 нафарни ташкил қилмоқда.
Ушбу касалликдан бутунлай соғайганлар сони 30 нафарни ташкил этмоқда.
07.04.2020
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахбороти
Соғлиқни сақлаш вазири А. Шадмановнинг оммавий ахборот воситаларида чиқиши давомида Тошкент вилоятида яшовчи коронавирус инфекциясига чалинган шахс касалликнинг белгилари бўлишига қарамай (йўтал, тана ҳароратининг кўтарилиши ва ҳансираш), жамоат жойларига борганлиги ва 52 нафар шахсни зарарлагани ҳолати бўйича шуни маълум қилади:
Бугунги кунда фуқароларимиз томонидан коронавирус инфекцияси билан боғлиқ тушунтириш ишлари ва унинг тарқалишини олдини олишга қаратилган қатор чоралар кўрилишига қарамай, ўзларининг ҳамда атрофдагиларнинг соғлиғига масъулиятсизлик билан ёндашиш ҳолатлари кузатилмоқда. Натижада бир нафар касалланган шахс бир неча шахсларни зарарлаши ҳолатлари кузатилмоқда.
Шуни айтиб ўтиш жоизки, Тошкент вилоятида касалланганлар сони 2020 йилнинг 6 апрель соат 12:00 ҳолатига 29 нафарни ташкил этган. Ҳудудлар бўйича касалланганлик ҳолатлари эса шу муддатда қуйидагича бўлган:
1 Қорақалпоғистон Республикаси 11 нафар
2 Андижон вилояти 71 нафар
3 Бухоро вилояти 8 нафар
4 Жиззах вилояти 2 нафар
5 Қашқадарё вилояти 17 нафар
6 Нaвoий вилояти 5 нафар
7 Нaмaнгaн вилояти 42 нафар
8 Сaмapқанд вилояти 21 нафар
9 Суpxондарё вилояти 5 нафар
10 Сирдарё вилояти 4 нафар
11 Тошкент вилояти 29 нафар
12 Фарғона вилояти 24 нафар
13 Xopазм вилояти 4 нафар
14 Тошкент шаҳри 147 нафар
Ушбу жадвалда ҳудудлар кесимида касалланиш ҳолатлари фуқароларнинг доимий яшаш манзилларига нисбатан олинган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги бугунги кунда халқимиз саломатлиги ва эпидемиологик осойишталикни таъминлаш мақсадида вазир бошчилигида туну кун хизмат қилмоқда.
Бундан ташқари, А. Шадманов томонидан бир шахс 52 нафар шахсга касалликни юқтиргани оғзаки англашилмовчилик бўлиб, касалликка чалинган шахс масъулиятсизлиги сабаб 52 нафар шахс билан яқин мулоқотга киришганлиги келтирилган.
Таъкидлаш жоизки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус касаллигини тарқалишини олдини олиш мақсадида барча чораларни кўрмоқда, шунингдек, эпидемиологик осойишталикни таъминлаш мақсадида фуқароларимиздан кўрилаётган карантин чоралари ҳамда чекловларга амал қилинишини яна бир бор сўраб қолади.
06.04.2020
Шу соатгача Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган ҳолатлар сони 457 нафарни ташкил этмоқда.
Ушбу касалликдан бутунлай соғайганлар сони 30 нафарни ташкил этмоқда.
06.04.2020
Шу соатгача Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган ҳолатлар сони 397 нафарни ташкил этмоқда.
06.04.2020
«Аслида, бу — жиноят». Вазир ўзининг касаллигини била туриб ўнлаб кишиларга вирус юқтираётганларни танқид қилди
Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов «Ўзбекистон 24» телеканалидаги чиқишида Ўзбекистон томонидан амалга оширилган чоралар халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланаётганини айтиб ўтди.
«Ўзбекистон дунёдаги тавсияларни биринчилардан бўлиб бажарган ва мамлакат нуқтайи назаридан барча тавсияларга итоат этган мамлакатлар қаторида эътироф этилди. Яъни биз керакли тавсияларни, айрим ҳолатларда ортиғи билан чораларни кўрдик. Буёғи халқимиз, унинг маданияти, сабр-тоқати, айтилаётган гигиена қоидалари ва чеклов чораларига амал қилишига боғлиқ бўляпти», деди Шадманов.
Соғлиқни сақлаш вазири аҳоли ҳаракатланишининг чекланмаслиги касаллик жуда тез тарқалиши ва мамлакатнинг иқтисодиёти, соғлиқни сақлаш тизимига ўз таъсирини кўрсатиб, уни шок ҳолатига келтириши ва ёрдам бериш имкониятини йўқ қилаётгани, бу каби ҳолатлар Европанинг қатор мамлакатларида кузатилаётганини қайд этиб ўтди.
Вазир шу кунгача аниқланган беморлар орасида талаблар ва тавсияларга қулоқ солмаганлар борлигини афсус билан таъкидлади ва ўзининг коронавирус билан зарарланганини била туриб вақтида мурожаат қилмаган шахслар бошқаларга қараганда кўпроқ одамга вирус юқтирганини маълум қилди.
«Ҳозиргача аниқланган беморлар орасидан талаб ва тавсияларга амал қилмаётганлари жуда кўп. Масалан, 15 март куни коронавирус аниқланган бемор бутун оиласига ва иш жойидаги жами 15 нафар кишига вирус юқтирган.
27 март куни Андижонда касаллиги аниқланган шахсдан ота-онасига коронавирус юққан. Унинг отаси яна 36 ҳамкасбига коронавирус юқтирган. Ҳамкасбларидан бири 4 нафар қариндошига юқтирган. Ундан ташқари яна мулоқотда бўлганлардан 3 кишига касаллик ўтган. Бир кишидан жами 46 нафар одамга коронавирус тарқалган. Афсуски, бу беморимиз касаллик белгилари кўрина бошлаганда ҳам шифокорларга хабар бермаган.
Тошкент шаҳридаги беморимиз турмуш ўртоғи билан Туркияга бориб келган. У оила аъзолари бўлган 8 кишига касаллик юқтирган. Уларнинг барчасини ҳозир даволаяпмиз.
Тошкент вилоятидаги яна бир беморимиз эса 26 мартда касаллик бошланганига қарамай 5 кун давомида уйида ётган. У фақат 30 март куни шифокорларга мурожаат қилган ва уни даволашга олдик. Айни вақтда уни сунъий нафас берувчи (ИВЛ) аппаратига улаб қўйишга мажбур бўлганмиз.
Тошкент вилоятидан бошқа бир беморимиз эса йўталиш, тана ҳарорати кўтарилиши ва нафас сиқишига қарамай тўртта ташкилотга борган. Биз мажбур бўлдик ўша ташкилотларнинг барчасини ёпишга. Бу бемор 52 кишига касалликни юқтирган.
Яна бир бемор учта ташкилотда ишлаётган бўлган. У ўзида касалликни сезиб туриб ишлашда давом этган ва 46 нафар кишига вирус юқтирган.
У сабабли 100дан ортиқ инсонларни кузатувга олишга мажбур бўлдик. Касаллик бошланганини билгани ҳолда шунча одам билан мулоқотда бўлган
Аслида, бу каби ҳолатлар жиноят. Била туриб шунча одамга касални юқтириш хиёнатдир», дейди Шадманов.
Вазир коронавирус тарқалишининг олдини олишда интизомга риоя этилиши муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
«Қачонки интизом бўлса, барча тартиб-қоидага бўйсуниб, икки ҳафта уйимизда ўтирсак, ҳаммаси ўтиб кетади. Шунда биринчи навбатда оила аъзоларимизни сақлаб қолган бўламиз», деди Алишер Шадманов.
У карантин қоидаларига оилада ҳам риоя этиш кераклиги, яқинлар билан қучоқлашиб кўришмаслик, улар билан мулоқотда масофани сақлаш кераклигини таъкидлади.
06.04.2020
Ўзбекистон коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича АҚШ, Нидерландия, Россия, Германия, Корея, Япония мутахассислари билан иш олиб бормоқда.
Бу ҳақида Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов маълум қилди.
«Ўзбекистон 24» телеканалидаги чиқишида Алишер Шодмонов сўнгги 2-3 кунда Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш ҳолатлари ортиши бўйича саволга жавоб берди.
«Эпидемиологиянинг қонуниятига кўра, бошқа давлатлардаги касалланиш динамикасини кузатадиган бўлсак, вирус юқиб, тарқалиб, ўсиши давом этади. Ҳар бир давлат тиббиётининг олдида турган масала – касалланишнинг кескин ошишига йўл қўймаслик», - деди Шадманов.
Вазир Ўзбекистонда коронавирус ташхисини амалга ошириш бўйича яратилган шароитларга тўхталди.
«Коронавирус ташхисини амалга ошириш учун етарли шароит бор. ПЦР аппаратлари етарли миқдорда таъминланган. Диагностикумларни қатор мамлакатлардан олиб келиб, етарли миқдорда таъминлаганмиз.
Қайси мамлакатда касалликни аниқлаш жараёнлари тез амалга ошса, изоляция қилинса, шифохонага жойланса ва даволанса, бу ерда яхши натижаларга эришилади, кенг тарқалишига йўл қўйилмайди», деди Шадманов.
У текширувлар кучайтирилганини таъкидлади.
«Бугунги кунда барча карантин зоналаримизда, аҳолимизнинг хавф гуруҳлари ичида текширувларни кучайтирганмиз. Кечанинг ўзида биз 4737та тест синовларини ўтказдик. 76та ҳолатда касалликни аниқладик. Янги касаллар аниқланганлиги ёмон ҳолат, лекин аниқламаганимизда ундан ҳам ёмон бўлиши мумкин эди», деди Соғлиқни сақлаш вазири.
Алишер Шадманов карантин меъёрларининг 14 кун этиб белгиланишига изоҳ берди ва касаллик тарқалишининг олдини олиш борасидаги амалга оширилаётган ишларга тўхталди.
«Меъёрларни танлашда ҳамжамият, олимлар, мутахассислар билан ҳамкорликда, интеграцияда ишлаш бўйича президентимиз топшириқ берганлар. Икки марта Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг миссияси бўлди. Ташкилот вакиллари келиб, бизда эпидемиология нуқтайи назаридан ишларни олиб боришди. Америка қўшма штатларидан профессор иш олиб борди, Нидерландиядан Урте хоним бизда 2 ой мобайнида иш олиб борди. Бугунги кунда президент топшириғига мувофиқ, Кореядан профессор Чой ташриф буюрган, у ҳозирги кунда мамлакатимизда бўлиб турибди. Ҳозирги кунда эпидемияга қарши чоралар бўйича бизга ёрдам беряпти», деди Шадманов.
У коронавирусдан зарарланган 390 нафар кишининг ҳолати назоратда бўлиши, сифатли стандартлар асосида ёрдам берилиши нуқтайи назаридан ҳар бир беморга даволовчи шифокордан ташқари, икки нафардан тиббиёт ходими - олий таълим муассасалари ва республика илмий марказлари етакчи мутахассислари бириктирилганини айтиб ўтди.
Бундан ташқари, Россия, Германия, Корея, Япония мутахассислари билан иш олиб борилаётгани, хусусан бугун Москвадаги бош инфекционист Девяткин билан видеоконференция амалга оширилишини маълум қилди.
06.04.2020
Коронавирус қайд этилган 390 нафар фуқародан 188 нафари эркак, 202 нафари эса аёллардир
Аввал хабар қилганимиздек, айни пайтда коронавирус инфекцияси қайд этилган ҳолатлар сони 390 нафарни ташкил этмоқда. Беморларнинг 188 нафари эркак, 202 нафари аёллардир.
Ёш жиҳатдан қарайдиган бўлсак,
0-9 ёшгача – 10 нафар (2,6%);
10-19 ёшгача – 15 нафар (3,8%);
20-29 ёшгача – 59 нафар (15,1%);
30-39 ёшгача – 111 нафар (28,5%);
40-49 ёшгача – 123 нафар (31,5%);
50-59 ёшгача – 48 нафар (12,3%);
60-69 ёшгача – 17 (4,4%);
70-79 ёшгача – 6 (1,5%);
80 ёшдан юқори бўлганлар 1 нафар (0,3%)ни ташкил этмоқда.
Айни пайтда Тошкент шаҳрида 170 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор даволанмоқда. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида 2, Андижон вилоятида 61, Бухоро вилоятида 19, Наманган вилоятида 48, Фарғона вилоятида 64, Хоразм вилоятида 18, Қашқадарё вилоятида 6 ҳамда Навоий вилоятида 2 нафар бемор ҳудуддаги юқумли касалликларга ихтисослашган шифохоналарда даволанишмоқда. Беморларга тиббиёт ходимлари томонидан халқаро стандартлар асосида даво муолажалари олиб борилмоқда.
Беморларнинг 31 нафарида пневмония кузатилмоқда. Шундан 9 нафарининг аҳволи нисбатан оғир, 2 нафарининг аҳволи эса ўта оғир баҳоланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда эпидемиологик суруштирув ҳамда коронавирус инфекциясининг тарқалиб кетмаслиги учун барча зарур профилактик чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.
06.04.2020
Шу соатгача Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган ҳолатлар сони 390 нафарни ташкил этмоқда.
Ушбу касалликдан бутунлай соғайганлар сони 30 нафарни ташкил этмоқда.
06.04.2020
Айни вақтгача Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган ҳолатлар сони 342 нафарни ташкил этмоқда.
Охирги тасдиқланганларнинг барчаси стационар шароитида карантинга олинган фуқаролар орасидан аниқланган. Ушбу касалликдан бутунлай соғайганлар сони эса 30 нафарни ташкил этмоқда.
05.04.2020
Айни вақтгача Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган ҳолатлар сони 310 нафарни ташкил этмоқда.
Охирги тасдиқланганларнинг барчаси стационар шароитида карантинга олинган фуқаролар орасидан аниқланган. Ушбу касалликдан бутунлай соғайганлар сони эса 30 нафарни ташкил этмоқда.
05.04.2020
Яна 5 нафар бемор тузалиб, коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони 30 нафарга етди

05.04.2020
Айни вақтгача Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган ҳолатлар сони 298 нафарни ташкил этмоқда.
Охирги тасдиқланганларнинг ҳам барчаси стационар шароитида карантинга олинган фуқаролар орасидан аниқланган.
Ваколатли органлар оммавий ахборот воситалари билан доимий алоқада. Коронавирус касаллиги тўғрисида аниқ маълумотни расмий веб-сайтларда топиш мумкин.