25.04.2020
2020 йил 25 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1836 нафарни ташкил қилмоқда.
25.04.2020
COVID-19 касаллигига чалинган 1804 нафар беморнинг қайд этилиши, соғайганлиги ва вафоти билан боғлиқ кўрсаткичлар жадвали

25.04.2020
МДҲдаги айрим мамлакатлар ва ривожланган давлатлар билан COVID-19 га чалинган беморларнинг ўлим кўрсаткичи бўйича солиштирма жадвал

25.04.2020
МДҲдаги айрим мамлакатлар ва ривожланган давлатлар билан COVID-19 га чалинган беморларнинг соғайиш кўрсаткичи бўйича солиштирма жадвал
24.04.2020
2020 йил 24 апрель соат 23:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1804 нафарни ташкил қилмоқда.
24.04.2020
Беморлар соғайиб чиқаётган ҳудудлар қаторига Самарқанд ҳам қўшилди
Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Анжидон, Бухоро, Фарғона, Наманган, Хоразм, Қашқадарё, Сурхандарё ва Жиззах вилоятлари сафига эндиликда Самарқанд вилояти ҳам қўшилди. Айни пайтда Самарқанд вилояти юқумли касалликлар шифохонасидан коронавирус инфекциясига чалинган 4 нафар бемор буткул соғайди.

Соғайганларнинг барчаси ушбу инфекцияга чалинганлар билан яқин мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган.Уларнинг 2 нафари эркак, 2 нафари эса вояга етмаган бола , барчаси Самарқанд вилоятидан. Сўнгги текширувлар уларда инфекция йўқлигини кўрсатди.
Айни пайтда мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан буткул соғайганлар 621 нафарга етди.
24.04.2020
Икки вилоятдан 19 нафар бемор соғайиб, жами тузалганлар 617 нафарга етди
Халқимиз сабр ва шукр билан уйда ўтирган ҳолда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишда беқиёс кўмак беришаётган бўлишса, шифокорларимиз коронавирус билан хасталанган беморлар дардига малҳам бўлиш билан ўзларининг улкан ҳиссаларини қўшишмоқда.

Жумладан, бир йўла икки ҳудуддан: Наманган вилоятидан 14 нафар, Андижон вилоятидан 5 нафар бемор буткул соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.
Наманганда соғайганларнинг 4 нафари эркак, 10 нафари аёллар бўлиб, барча Наманган вилоятидан. Андижонда дарддан фориғ бўлганларнинг 5 нафари ҳам аёллар бўлиб, барчаси ушбу вилоятдан. Иккита вилоятдан жами 19 нафар бемор коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган. Улар орасида энг ёши каттаси 79 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 20 ёшда.
Эътиборли жиҳати, айни синовли дамларда ҳақиқий ватанпарварлик намунасини кўрсатиб, фаолият юритаётган минглаб шифокорларимиз саъй-ҳаракатларининг меваси соғайган беморлар қувончида акс этмоқда.
Шундай қилиб, бугун 56 нафар бемор буткул соғайиб, айни пайтда мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайган беморлар 617 нафарга етди.
24.04.2020
Коронавирус инфекциясига чалинган бемор ўткир нафас, ўпка ва юрак етишмовчилигидан вафот этди
Шу йилнинг 19 апрель куни Тошкент вилояти, Ангрен шаҳрида яшовчи Ф. (аёл) вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ўта оғир аҳволда ётқизилган ва сунъий нафас олиш аппаратига ҳам олинган. Тезкор диагностик таҳлиллардан сўнг беморда “Covid-19” коронавирус инфекцияси аниқланган.
Шундан сўнг унга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли тиббиёт клиникасига ўтказилган. Беморда ўпканинг сурункали обструктив касаллиги, икки томонлама бронхопневмония, ўткир респиратор дистресс синдром, гипертония касаллиги иккинчи босқич, хавф 4, семизликнинг 3 даражаси бўлганлиги сабабли касаллик оғир кечиб, даволаниш давомида ҳамиша сунъий нафас олиш аппаратида бўлган.
Беморнинг шу кунгача кунлик аҳволи мамлакатимиздаги шу соҳага ихтисослашган тиббиёт муассасаларининг нуфузли мутахассислари назоратида бўлган. Улар томонидан мунтазам консилиумлар ўтказиб келинган.
Бироқ мутахассисларимизнинг белгиланган стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас, ўпка-юрак ва полиорган етишмовчилигидан вафот этди.
24.04.2020
Яна 6 нафар бемор соғайди: улар орасида 22 ёшли эгизак ака-укалар ҳам бор
Коронавирус пандемияси туфайли юзага келган хавотирли вазиятда одамларни қувонтирадиган, беморларга ишонч бахш этадиган хайрли хабарлар кундан-кунга кўпайиб, коронавирус инфекциясидан соғайиб чиқаётганлар сафи кенгайиб бормоқда. Шифокорларимиз томонидан халқаро стандартлар асосида сифатли даволаш чораларининг кўрилаётгани ушбу муваффақиятларнинг асосий омили бўлмоқда.

Бугун Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасидан ҳам коронавирус инфекциясига чалинган навбатдаги 6 нафар бемор буткул соғайди. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллар иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.
Соғайганларнинг барчаси коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган. Беморлардан 3 нафари эркак, яна 3 нафари аёллардир. Улардан 5 нафари пойтахтимиздан, 1 нафари Қашқадарё вилоятидан. Улар орасида энг ёши каттаси 27 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 10 ёшда бўлиб, шу жумладан, 22 ёшли эгизак ака-укалар ҳам бор.
Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида шу пайтга қадар 42 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 48 нафарга етди.
Бугун мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар жами 598 нафарни ташкил этмоқда.
24.04.2020
Тошкент шаҳрида яна 10 нафар бемор тўлиқ тузалиб, реабилитацияга йўл олишди
Бор тажриба ва маҳоратларини ишга солишаётган шифокорларимиз фидойилиги беморларимизнинг кетма-кет соғайиб чиқишларини таъминламоқда.
Жумладан, пойтахтимиздаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасидан коронавирус инфекциясига чалинган навбатдаги 10 нафар бемор буткул соғайди. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллар иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.
Соғайганларнинг 7 нафари Тошкент шаҳридан, Жиззах, Фарғона ва Тошкент вилоятидан 1 нафардан. Улардан 9 нафари коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган, 1 нафари эса Қозоғистон Республикасидан келган ва карантин марказига жойлаштирилган. Инфекция аниқлангач, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасига ётқизилган. Беморлардан 6 нафари эркак, 4 нафари аёллардир. Улар орасида энг ёши каттаси 55 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 14 ёшда.
Ушбу клиникада шу пайтга қадар 58 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 68 нафарга етди.
Айни пайтда мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан буткул соғайганлар 592 нафарга етди.
24.04.2020
Фарғонада 19 нафар бемор соғайди, улар орасида уч ойлик чақалоқ ҳам бор
Давлатимиз раҳбари коронавирус инфекциясига қарши курашда ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатаётган жонкуяр шифокорларга алоҳида миннатдорчилик билдириб турган бир пайтда, тиббиёт ходимлари ҳам матонат билан меҳнат қилиб, юзлаб беморларнинг буткул соғайишига ҳисса қўшишмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар самараси эса кундан кунга ёрқинроқ намоён бўлмоқда.

Жумладан, Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасидан коронавирус инфекциясига чалинган 19 нафар бемор соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.
Соғайганларнинг 9 нафари Туркиядан келишган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Қолган 10 нафари коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган. Улардан 11 нафари Фарғонадан, 3 нафари Тошкент шаҳридан, 2 нафари Самарқанддан, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидан 1 нафардан. Беморларнинг 10 нафари эркак, 9 нафари аёл бўлиб, улар орасида уч ойлик чақалоқ ҳам бор. Энг ёши каттаси 61 ёшда.
Фарғона вилояти бўйича шу пайтга қадар 11 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 30 нафарга етди.
Соғайган беморлар вилоят юқумли касалликлар шифохонасида шифокорлари томондан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида олиб борилган тўғри даволаш муолажалар туфайли дарддан тўлиқ фориғ бўлишди.
Ҳозирда мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан жами 582 нафар бемор тўлиқ соғайди.
24.04.2020
Бугуннинг илк хушхабари: Қашқадарёда коронавирусга чалинган опа-сингил бутунлай соғайди
Таъкидлаш жоизки, юртимиз тиббиёт ходимларининг баҳамжиҳат бўлиб, зиммасига юкланган улкан масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда, коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг шифо топиши учун астойдил курашаётгани муҳим аҳамият касб этаяпти. Бунинг учун шифохоналаримизда барча шароит яратилган, дори-дармон, замонавий тиббий технологиялар, ҳимоя воситалари билан таъминланган.

Ушбу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, Қашқадарё вилояти юқумли касалликлар шифохонасидан навбатдаги 2 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор бутунлай соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.
Соғайганлар Чироқчи туманида яшовчи опа-сингиллар бўлиб, каттаси 16 ёшда бўлса, кичиги 11 ёшда. Улар коронавирус инфекциясига чалинган укаси билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган. Бугунги кунда лаборатория текширувлари уларнинг дарддан бутунлай фориғ бўлганини кўрсатмоқда.
Вилоят юқумли касалликлар шифохонасида шу пайтга қадар 2 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 4 нафарга етди.
Айни пайтга қадар мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан жами 563 нафар бемор тўлиқ соғайди.
Ваколатли органлар оммавий ахборот воситалари билан доимий алоқада. Коронавирус касаллиги тўғрисида аниқ маълумотни расмий веб-сайтларда топиш мумкин.