18.04.2020
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг марказий аппарати тузилмасига ўзгартириш киритилди
Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш, юртимизда санитария-эпидемиология хизмати тизимини бошқариш самарадорлигини янада ошириш мақсадида мамлакатимиз Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг марказий аппарати тузилмасига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Унга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг марказий аппарати тузилмасига қўшимча Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори лавозими киритилди.
18.04.2020
2020 йил 18 апрель соат 19:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1469 нафарни ташкил қилмоқда.
18.04.2020
Юртимиз шифокорлари саъй-ҳаракати билан коронавирусга чалинган, оғир аҳволдаги 83 ёшли Чироқчилик онахон буткул соғайди
Коронавирус пандемияси туфайли юзага келган хавотирли вазиятда одамларни қувонтирадиган, беморларга ишонч бахш этадиган хайрли хабарлар кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Бунда фидойи тиббиёт ходимларининг мардонавор саъй-ҳаракати муҳим ўрин тутмоқда.

Пойтахтимиздаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлари илмий-текшириш институти клиникасида коронавирус инфекциясига чалинган навбатдаги 6 нафар бемор буткул соғайди. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.
Эътиборли жиҳати, соғайганлардан бири чироқчилик , 83 ёшли онахон бўлиб, унинг аҳволи оғир бўлишига қарамай билимли ва юқори малакали шифокорларимизнинг саъй-ҳаракати ҳамда халқаро стандартлар асосида олиб борилган самарали даволаш муолажалари туфайли буткул соғайди.
Шунингдек, тузалган яна тўрт нафар Тошкент шаҳридан бўлиб, (50, 31 ва 30 ёшли эркак ҳамда 57 ёшли аёл) улардан бир нафари Россиядан чартер рейс билан пойтахтимизга келган, қолган уч нафари эса коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, инфекция юқтириб олган. Яна бир нафар фарғоналик, 35 ёшли бемор ҳам хориждан келган.
Сўнгги текширув натижалари ушбу беморларда инфекция йўқлигини кўрсатди. Мазкур клиникада шу пайтга қадар 11 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 17 нафарга етди.
Айни пайтда клиникада коронавирус инфекциясига чалинган беморларга тиббиёт ходимлари томонидан халқаро стантдартлар асосида муолажалар олиб борилмоқда. Бунда малакали пульмонолог, кардиолог, терапевт, эндокринолог каби мутахассислар билан телемулоқот ўрнатилиб, зарур тавсияларни олинаётгани ҳам қўл келмоқда.
Ҳозиргина Бухоро вилояти юқумли касалликлари шифохонасидан яна 3 нафар бемор (эркак) соғайганлиги ҳақидаги хушхабарни олдик.
Шундай қилиб, айни пайтга қадар мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайган беморлар бугун, аввалги кунларга нисбатан энг юқори кўрсаткични қайд этган ҳолда, 38 нафарга етиб, жами 194 нафарни ташкил этмоқда.
18.04.2020
Бир йўла 14 нафар бемор тузалиб, жами соғайганлар 185 нафарга етди
Азалдан тиббиёт соҳаси вакилларига халқимиз юксак эҳтиром кўрсатиб келган. Абу Али ибн Сино каби буюк алломаларимиз қолдирган улкан мерос ҳамон соҳа вакиллари учун қимматли манба бўлиб келмоқда. Бугунги коронавирус пандемияси дунё бўйлаб шиддат билан тарқалаётган бир пайтда ҳам юртимизда тиббиёт ходимлари коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг соғайиб кетишлари учун жонкуярлик билан курашмоқдалар.

Азалдан тиббиёт соҳаси вакилларига халқимиз юксак эҳтиром кўрсатиб келган. Абу Али ибн Сино каби буюк алломаларимиз қолдирган улкан мерос ҳамон соҳа вакиллари учун қимматли манба бўлиб келмоқда. Бугунги коронавирус пандемияси дунё бўйлаб шиддат билан тарқалаётган бир пайтда ҳам юртимизда тиббиёт ходимлари коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг соғайиб кетишлари учун жонкуярлик билан курашмоқдалар.
Улуғ аждодларимизга муносиб бўлган фидойи шифокорларимиз саъй-ҳаракати туфайли пойтахтимиздаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида коронавирус инфекциясига чалинган беморлардан яна 14 нафари буткул соғайди. Улар Соғлиқни сақлаш вазири масъуллари иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.
Соғайган беморларнинг 10 нафари эркак, 4 нафари аёллардир. Улардан 8 нафари пойтахтимиздан, 2 нафари Тошкент вилоятидан ва 1 нафардан Қорақалпоғистон Республикаси, Самарканд, Сирдарё ва Навоий вилоятларидан. Беморлардан уч нафари Россиядан чартер рейсда Тошкентга келишган. Қолган 11 нафари эса коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, инфекцияни юқтириб олган. Улар орасида энг ёши каттаси 56 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 20 ёшда.
Самарали даволаш муолажаларидан кейин, сўнгги текширувлар уларда инфекция йўқлигини кўрсатди. Уларнинг тузалишида мазкур клиника жамоаси бирдамлиги, маҳорати ва тажрибаси ҳал қилувчи рол ўйнаганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Айни пайтга қадар мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан жами 185 нафар бемор тўлиқ соғайди.
18.04.2020
Юртимизнинг турли ҳудудларидан яна уч нафар бемор соғайди
Юртимизда коронавирус инфекциясига чалинган беморларни самарали даволаш жараёнида минглаб тиббиёт ходимларининг матонати ва фидойилигига ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Бунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида шифокорлар астойдил меҳнат қилишмоқда.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон ва Наманган вилоятлари юқумли касалликлар шифохоналаридан бир нафардан, жами 3 нафар коронавирус инфекциясига чалинган беморлар бутунлай соғайди. Улар Қорақалпоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.
Тузалганлардан бир нафари 6 ёшли қизалоқ Нукус шаҳридан, яна бир нафари 33 ёшли эркак Андижон шаҳридан ҳамда яна бир нафар 46 ёшли аёл Наманган шаҳридан бўлиб, барчаси коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олишган.
Ушбу беморларнинг тузалишида тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган шифокорларимизнинг ҳамжиҳатликда самарали даволаш муолажалари олиб борганликлари муҳим аҳамият касб этди.
Ҳозирга қадар мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан буткул соғайганлар 171 нафарга етди.
18.04.2020
Фарғонада яна 4 нафар бемор соғайди, ушбу вилоятда ҳам тузалганлар сафи кенгайиб бораяпти
Коронавирус пандемияси авж олган бир пайтда юртимизда ушбу хасталикдан тузалганларнинг сафи кенгайиб бораётгани эътиборга молик. Жумладан, мамлакатимизда ҳам фидойи ва тажрибали шифокорларимиз саъй-ҳаракати туфайли коронавирус инфекциясига чалинган беморлар навбатма-навбат дарддан фориғ бўлаётгани барчамизни қувонтирмоқда.

Жумладан, Фарғона вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан ҳам коронавирус инфекциясига чалинган 4 нафар бемор бутунлай соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.
Соғайганларнинг уч нафари (икки нафари Тошкент шаҳридан, бир нафари эса Андижон вилоятидан) чартер рейс орқали Туркиядан Фарғонага келган бўлиб, Олтиариқ фахрийлар санаторийсида карантинга олинган эди. Уларда коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Бир нафар фарғоналик бемор коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтирган. Беморларнинг 3 нафари эркак, бир нафари аёл бўлиб, улар орасида энг ёши каттаси 59 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 22 ёшда.
Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан шу пайтга қадар 2 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 6 нафарга етди.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан жами 168 нафар бемор тўлиқ соғайди.
18.04.2020
Хоразмда яна уч нафар бемор тузалиб, реабилитацияга кузатилди
Юртимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида тезкор ва қатъий чоралар кўрилмоқда. Шифокорларимиз эса ушбу инфекцияга чалинган беморларни самарали даволаш йўлида кеча-ю кундуз жонкуярлик билан меҳнат қилишмоқда.

Жумладан, Хоразм вилояти юқумли касалликлар шифохонасида ҳам бугун яна уч нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор бутунлай соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.
Тузалганларнинг барчаси чартер рейс орқали Россиядан Хоразмга олиб келинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Уларнинг уччаласи ҳам эркак бўлиб, Бухоро, Қашқадарё ва Фарғона вилоятидан.
61, 47 ва 29 ёшли беморларимиз вилоят юқумли касалликлар шифохонасида шифокорлар томонидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида олиб борилган тўғри даволаш муолажалар туфайли дарддан тўлиқ фориғ бўлишди.
Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан шу пайтга қадар 3 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 6 нафарга етди.
Ҳозирга қадар мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан буткул соғайганлар 164 нафарни ташкил этмоқда.
18.04.2020
Бугунги илк қувончли хабар: Бухорода коронавирусга чалинган яна 5 нафар бемор бутунлай соғайди
Шу кунларда коронавирус пандемияси дунё халқларининг қанчалик ҳамжиҳат эканини, бардошли ва тадбирли эканини синамоқда. Ушбу синовли дамларда халқимизнинг бир ёқадан бош чиқариб, ҳаракат қилаётгани, айниқса, шифокорларимизнинг фидойилик билан кураш олиб бораётгани бугунги ва эртанги муваффақиятларимизга замин яратмоқда.

Борлиққа кулиб боқаётган баҳорнинг ўзгача таровати ҳам юртдошларимиз, жумладан, тиббиёт ходимларига ўзгача бир шижоат бахш этиб, руҳлантираётган бўлса, не ажаб. Ана шундай қуёшли ва илиқ кунимизни хушхабар билан бошлаётганимиздан мамнунмиз.
Ҳозиргина Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонасидан яна 5 нафар бемор буткул соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.
Соғайганларнинг барчаси чартер рейс орқали Туркиядан Бухорога келишган бўлиб, “Ситораи Моҳи Хоса” санаторийсида карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Беморларнинг 1 нафари эркак, 4 нафари аёллардир. Улардан 3 нафари пойтахтимиздан, Тошкент ва Сирдарё вилоятларидан эса 1 нафарни ташкил этади. Улар орасида энг ёши каттаси 54 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 22 ёшда.
Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан шу пайтга қадар 39 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда уларнинг сони 44 нафарга етди.
Айни пайтга қадар мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан жами 161 нафар бемор тўлиқ соғайди.
18.04.2020
18 апрель 12:00га қадар карантин кузатувида бўлган фуқаролар тўғрисида маълумот

18.04.2020
2020 йил 18 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1450 нафарни ташкил қилмоқда.
17.04.2020
2020 йил 17 апрель соат 23:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1405 нафарни ташкил қилмоқда.
17.04.2020
Қорақалпоғистонда ҳам коронавирус инфекциясидан соғайган 3 нафар бемор реабилитацияга кузатилди
Мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай тузалган беморларимиз сони кундан кунга ошиб бормоқда. Тошкент шаҳри, Хоразм, Наманган, Фарғона, Андижон, Бухоро ва Қашқадарё вилоятлари сафига эндиликда Қорақалпоғистон Республикаси ҳам ҳам қўшилди.

Жумладан, Қорақалпоғистон юқумли касалликлар шифохонасидан коронавирус инфекциясига чалинган 3 нафар бемор бутунлай соғайди. Улар республика соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.
Соғайганларнинг 1 нафари Тошкент шаҳридан бўлиб, Тошкент-Қўнғирот йўналишидаги йўловчи поездда Қорақалпоғистонга борган. Икки нафари эса Нукус шаҳридан ота-бола бўлиб, касалликни коронавирусга чалинганлар билан мулоқот орқали юқтириб олишган. Самарали даволаш муолажалари туфайли бугунги кунда лаборатория текширувлари уларнинг дарддан бутунлай фориғ бўлганини кўрсатди.
Бунда, шубҳасиз, республика юқумли касалликлар шифохонасининг фидойи тиббиёт ходимларининг алоҳида ҳиссаси бор. Уларнинг саъй-ҳаракатлари, халқаро стандартлар асосида даво чоралари кўрилгани беморларнинг тузалишига замин яратди.
Мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар бугуннинг ўзида 27 нафарга етиб, жами 156 нафарни ташкил этмоқда.
Ваколатли органлар оммавий ахборот воситалари билан доимий алоқада. Коронавирус касаллиги тўғрисида аниқ маълумотни расмий веб-сайтларда топиш мумкин.