Коронавирус инфекцияси билан боғлиқ
тиббий масалалар бўйича Call-марказ
1003
eye
Уйда қолинг! / Оставайтесь дома! Уйда қолинг! / Оставайтесь дома! Уйда қолинг! / Оставайтесь дома! Уйда қолинг! / Оставайтесь дома!

Янгиликлар

ПАНДЕМИЯ ШАРОИТИДА ФАРЗАНДИНГИЗГА МЕҲР ВА ЭЪТИБОР КЎРСАТИШИНГИЗ ЖУДА МУҲИМ
Cоғлиқни сақлаш вазирлигининг ўқув-тарбия муассасалари бўйича бош мутахассиси, тиббиёт фанлари доктори Инобат Аҳмедова билан суҳбат (4-қисм).

– Бугунги пандемия нафақат катталар, балки болалар руҳиятига ҳам салбий таъсир этмоқда. Ушбу ҳолатда ота-оналар ва ўқитувчилар нималарга эътибор беришса, мақсадга мувофиқ бўлади?

– Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва ЮНИСЕФ томонидан тиббиёт ходимлари ва ота-оналарга ҳозирги касаллик авж олган пайтда, болаларни тинчлантириш ва ҳимоя килишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилган. Шунга кўра, ота-оналар қуйидаги тавсияларга амал қилишса, фарзандлари руҳиятига салбий оқибатларининг олдини олса бўлади.

Биринчи навбатда, боланинг ҳар бир қилаётган ишига ижобий жавоб беринг. Уни нима ташвишга солаётганини билинг ва уни ўз муҳаббатингиз ва эътиборингиз билан қамраб олинг. Фарзандингизга қулоқ солинг, унга меҳр кўрсатиб, далда беринг. Болани чалғитиш учун турли ўйин ва қизиқарли тадбирларни қўллашга ҳаракат қилинг.

Имкон қадар, болаларни ота-оналари ва бошқа оила аъзоларидан ажратмаслик тавсия этилади. Агар бунинг иложи бўлмаса (масалан, касалхонага ёткизиш ҳолатларида), боланинг оиласи билан доимий мулоқотини (масалан, телефон орқали) таъминлаш керак.

Фарзандингизни тингланг

Фарзандингизни пандемия мавзусини муҳокама қилишга таклиф килинг. Бу ҳақида нималарни билишини сўранг ва жавобини тингланг. Вазиятдан фойдаланиб, ҳолатни боланинг ёшига мос келадиган тилда тушунтиринг, гигиена қоидалари тўғрисида эслатиб ўтинг.

Болага эркин гапиришига имкон беринг. Расмлар, ҳикоялар ва бошқа усуллар фарзандингиз билан очиқ суҳбат қуришга ёрдам беради. Энг муҳими, тушкунликка тушишига йўл қўйманг.

Қандай ҳимояланиш кераклигини кўрсатинг

Болаларни коронавирус ва бошқа касалликлардан ҳимоя қилишнинг энг яхши усулларидан бири қўлларни доимий ювишни рағбатлантиришдир. Қўл ювиш қоидаларини ўрганиш қизиқарли бўлиши лозим.

Шунингдек, сиз болаларга йуталганда ёки аксирганда тирсаги билан оғиз ёки бурунни қандай ёпиш кераклигини кўрсатишингиз мумкин ва бу аломатлар мавжуд бўлган одамларга яқинлашмаслик кераклигини тушунтиринг. 

 Болангизга далда бўлинг

Сиз фарзандларингизга имкон қадар ўйнаш ва дам олишга имкон бериб, стрессни енгишга ёрдам беришингиз мумкин. Одатдаги кун тартибига иложи борича кўпроқ риоя килинг.

Агар фарзандингиз ўзини ёмон ҳис қилаётган бўлса, у уйда ёки касалхонада қолиши кераклигини тушунтиринг, чунки бу ўзи ва дўстлари учун хавфсиздир.

Ўзингизга ғамхўрлик қилинг

Агар сиз ўзингизга ғамхурлик қилсангиз, яъни, касалликнинг ўзингизни ҳимоялаш чораларини кўрсангиз, болаларингизга энг яхши намуна бўла оласиз. Фарзандларингиз касаллик ҳақидаги ҳар қандай янгиликларга қандай муносабатда бўлишингизни тахмин қилишади. Шунинг учун ўзингизни хотиржам тутишингиз ва вазиятни бошқаришингиз уларга ёрдам беради.